Россия Федерацияси билан қуролли можаро бошлангандан буён Украинада 23 минг оддий аҳоли ҳалок бўлди, деди БМТнинг фавқулодда ёрдам бўйича мувофиқлаштирувчиси Мартин Гриффитс. Унинг қўшимча қилишича, ҳақиқий қурбонлар сони анча юқори бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати ёзган.
Гриффитс ҳар икки томонида жанговар ҳаракат, жумладан, ракета ҳужуми кучайгани, бу эса жиддий гуманитар оқибатга олиб келаётганини қайд этди. Фронт чизиғи, шунингдек, Украинанинг Россия билан чегараси бўйлаб кўплаб ҳудудлар қуршаб олинган. Шундай манзиллар аҳолиси сув таъминоти, озиқ-овқат ва тиббий ёрдамдан узилган.
— Ўтган ҳафтанинг ўзида Херсонда турар-жой, мактаб, клиника ва қариялар уйи шикастлангани, ўнлаб аҳоли бошпана ёки тиббий ёрдамга муҳтожлиги хабар қилинган, — деди Гриффитс. — Одессада гуманитар ёрдам омборига ракета зарбаси йўлланди. Украина Қизил Хоч бўлимининг Николаевдаги мобил клиникаси ҳам жабр кўрди. Гуманитар юк, муҳим тиббий асбоб-ускуна йўқ қилинди.
Фавқулодда ёрдам бўйича мутахассис томонларга халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, оддий аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун, улар ҳамма нарсани қилишга мажбур эканлигини эслатди.
Гриффитс сўнгги ҳужумлар оқибатида гуманитар ёрдам ходимлари жабр кўрмагани, бироқ улар доимий хавф остида экани, Украинага гуманитар ёрдам етказилиши қийинлашганини таъкидлади. Хавф ва қийинчиликка қарамай, БМТ ҳамкорлари билан бирга аҳолини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. 2023 йил биринчи чоракда 3,6 миллион киши ёрдам олди.
Шу билан бирга у ҳозир Россия Федерацияси ҳарбийлари назорати остида бўлган Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларининг барча ҳудудларига ёрдам етказилишида тўсиқлар мавжудлигини маълум қилди.
— Айтганимдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрига мувофиқ, томонлар эҳтиёжманд фуқароларга тез ва тўсиқларсиз гуманитар ёрдам етказилишига кўмаклашиши, ходимлар эркин ҳаракатланишини таъминлаши шарт, — деди Гриффитс. — Мен томонларни бу борадаги саъй-ҳаракатни кучайтиришга чақираман.
Қора денгиз ташаббуси доирасида амалга оширилаётган экспорт, шунингдек, Россия Федерациясидан озиқ-овқат ва ўғит экспорти глобал хавфсизлик масаласида муҳим ўрин тутади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, ҳозирги кунга қадар ташаббус доирасида Украина портларидан 30 миллион тоннадан ортиқ юк хавфсиз экспорт қилинди, шунинг 55 фоиздан зиёди ривожланаётган мамлакатларга, деярли 6 фоизи тўғридан-тўғри кам ривожланган мамлакатларга жўнатилган. Бу Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан Афғонистон, Эфиопия, Кения, Сомали ва Ямандаги гуманитар амалиётни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш учун ташилган 600 минг тоннага яқин буғдой, дегани.
ФАО маълумотига кўра, сўнгги 12 ой ичида дунёда дон нархи, деярли, 20 фоиз арзонлашган. Ўтган ой буғдойнинг глобал нархи 2021 йил июлидан бери энг паст даражага тушди. Бу кўрсаткич, қисман, Украина дони экспорти, шунингдек, Россия ва бошқа мамлакатлардан чиқадиган кўп ҳажмдаги дон туфайли юзага чиқди.
Шу билан бирга, Гриффитс қайд этишича, сўнгги бир ойда Украина ҳудудидаги Қора денгиз портларидан маҳсулот экспорти ҳажми сезиларли даражада қисқарган. БМТ Савдо ва тараққиёт конференция бош котиби Ребека Гринспан ва унинг жамоаси РФ ва БМТ Котибияти ўртасида Россия озиқ-овқат маҳсулотларини илгари суриш бўйича ўзаро англашув меморандуми доирасида иш давом этаётганини таъкидлади. Натижада ўғитлар жаҳон бозорига чиқарилади.
БМТ Фавқулодда ёрдам бўйича мувофиқлаштирувчиси тинчлик ўрнатиш ва инқирознинг сиёсий ечимини топишга чақирди.
Г.Сатторова, ЎзА