17 май куни Самарқандда Европа Иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришга қаратилган битимни имзолади.

Режалаштирилган қўшма тадбирлар Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат аҳолисининг умумий манфаати учун атроф-муҳит ва табиий ресурсларни асраб-авайлаган ҳолда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларида ёрдам беришга қаратилган.

Европа Глобал дарвоза стратегияси ва Европа Иттифоқининг яшил сиёсати устувор йўналишларига мувофиқ, келишувнинг мақсади юқори экологик стандартларга риоя қилиш учун шароит яратиш, ҳукуматнинг турли соҳаларда яшил иқтисодиёт сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда имкониятларини ошириш ва аҳолини барқарор иш билан таъминлашдир.

Team Europe (Европа жамоаси) ташаббуси доирасида Европа иттифоқи Ўзбекистонга 10,2 миллион евро миқдорида грант ёрдамини тақдим этади. Бундан ташқари, яшил иқтисодиёт соҳасидаги давлат сиёсати масалаларида ФТА томонидан жами 375 миллион евро миқдорида имтиёзли кредит ажратилган (шундан 150 миллион евро ўзлаштиришга тақдим этилган).

Имзолаш маросимида Европа Комиссияси Халқаро шериклик бўйича Бош директоратининг (ДГ-ИНТПА) бош директори ўринбосари Мириам Ферран хоним, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Илҳом Норқулов ва Франция тараққиёт агентлиги бош директори жаноб Реми Риу иштирок этди.

Европа Иттифоқи ўз халқларининг илғор ютуқлари, ресурслари ва тақдирларини бирлаштирган 27 аъзо давлатдан иборат. 60 йил давомида улар биргаликда маданий хилма-хиллик, шахсий эркинлик ва бағрикенглик муҳитини сақлаб, барқарорлик, демократия ва барқарор ривожланиш ҳудудини яратишга муваффақ бўлди. Европа Иттифоқи доимий равишда ўз ютуқлари ва қадриятлари билан чет эл мамлакатлари ва халқларини таништириш ва тажрибасини тақдим этишга интилмоқда.

Франция тараққиёт агентлиги Франциянинг халқаро ривожланиш ва бирдамлик сиёсатини амалга оширади. ННТ ва давлат секторини молиялаштириш, тадқиқот ва нашрлар орқали АФД янада адолатли ва барқарор дунёга ўтишни қўллаб-қувватлайди ва тезлаштиради. Шунингдек, Франция бўйлаб барқарор ривожланиш бўйича тренинглар (АФД кампусида) ва бошқа хабардорлик тадбирларини ўтказади.


ЎзА.