Самарқанддаги Халқаро туризм марказида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик анжумани ўз ишини давом эттирмоқда. Иккинчи кун мамлакатимиз учун ўта муҳим – Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятини намойиш этишга қаратилган тадбир билан бошланди.
Муҳташам “Ballroom” залида ташкил этилган мазкур инвестицион сессияни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов очиб берди.
“Ўзбекистоннинг инвестициявий истиқболи” номли йиғилишда ЕТТБнинг энг нуфузли мавсумий анжуманида иштирок этиш учун кўҳна кентимизга ташриф буюрган барча нуфузли халқаро тузилмалар раҳбарлари ҳозир бўлишди.
2022 йил давомида ЕТТБ Ўзбекистондаги 900 лойиҳага, қарийб, 26 миллион доллар миқдорида сармоя киритди. Натижада республикамиз кетма-кет учинчи йил тузилманинг Марказий Осиё бўйича етакчи манзилига айланди. Тан олиш керак, бу мамлакатимизнинг ўсиб бораётган инвестициявий жозибадорлиги, юртимизда яратилган қулай меъёрий-ҳуқуқий муҳитнинг эътирофидир. Банк айни пайт бир қатор йирик, жумладан, минтақадаги қайта тикланадиган энергетика соҳасига йўналтирилган энг йирик лойиҳаларни молиялаштирмоқда. Ўтган йил охирида ЕТТБ кўмагида Ўзбекистонда ўтказилган Хорижий инвесторлар Кенгашининг биринчи ялпи мажлиси хорижий инвесторлар ва ислоҳотларни илгари сураётган расмийлар ўртасидаги мулоқот учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Шу маънода навбатдаги форум доирасида уюштирилган «Ўзбекистоннинг инвестициявий истиқболи» сессияси ҳам халқаро ишбилармон доиралар билан инвестиция ўсиши истиқболи ва имконияти тўғрисида ахборот, фикр алмашиш учун замин яратади.
35,6 миллион аҳолига эга, Марказий Осиёнинг қоқ марказида, Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон жадал ривожланаётган бозор сифатида минтақада ўта муҳим стратегик аҳамият касб этишини бугун бутун дунё тан олмоқда. Сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлик намоён этаётган мамлакатимиз табиий газ, олтин, уран, кумуш, мис каби моддаларнинг бой захираси, шунингдек, азалий анъаналари, йирик ишлаб чиқариш учун улкан салоҳияти, ёш, малакали ишчи кучи туфайли минтақага сармоя киритиш учун муҳим ўлкага айланмоқда.
Анжуман тафсилотини ЎзА билан бирга кузатиб боринг.
Ғ.Хонназаров,
А.Мамадаминов (сурат),
ЎзА