Самарқанддаги Халқаро туризм марказида бўлиб ўтаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик анжумани дастурида кўзда тутилган тадбирлар қизғин давом этяпти. Иштирокчилар, хорижий ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, эксперт-мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа турли даражадаги меҳмонлар учун барча шарт-шароит яратилган мажмуа ҳудудида бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишларда тадбирлар ташкил қилинган. Фуқаролик жамияти дастури бўйича ЕТТБнинг 2023-2028 йилларга мўлжалланган Фуқаролик жамиятини жалб қилиш бўйича стратегик ёндашув дастури муҳокамасига бағишланган шўъба йиғилиши “Emerald” залида бўлиб ўтяпти. ЕТТБ директори ўринбосари, Хусусий сектор билан ҳамкорлик ва фуқаролик жамияти билан алоқалар бўлими бошлиғи Елена Ковал модераторлигида давом этаётган ушбу тадбирда айни дамгача “Низоларни ҳал қилиш орқали барқарорлик ва ҳуқуқий ҳимояга эришиш” мавзуси муҳокама қилиняпти. Йиғилиш аввалида Спикерлар – ЕТТБ Фуқаролик жамияти билан алоқалар бўйича бош менежери Кристина Бузасу ва унинг ёрдамчиси Иллия Боровински чиқиш қилдилар.
Маълумки, ЕТТБ Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда чиқиндиларни бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида бир қатор чора-тадбирларни молиялаштириб келади. Мамлакатимизда кейинги йилларда айнан ДХШ тизими кенг оммалашаётган бир пайтда, бу мавзу долзарб аҳамият касб этади.
Масалан, ЕТТБ Лойиҳалар бўйича мустақил ҳисобдорлик механизми (IPAM) асосида фаолият кўрсатувчи Муаммони ҳал қилиш бўлими чиқиндини бошқариш бўйича ДХШ лойиҳаси доирасида мажбурий равишда кўчирилган Сербиядаги Роми этник гуруҳидаги 17 та оила учун уй-жой ва даромад олишнинг муқобил йўлларини топиш учун манфаатли томонлар орасида мулоқот ўтказишга ёрдам берди. “IPAM” бошқарувчи директори ва бош ҳисобчиси Виктория Маркес-Мииз бошқариб бораётган ушбу сессияда иштирокчилар дуч келинган муаммолар, етказилган зарарни қоплаш бўйича мунозарага киришдилар. Муҳокама жараёнида Меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича “Beo Čista Energija” компанияси менежери Бошко Маравич, Данило Чурчич – Спикер, “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқ А11 ташаббуси” дастури мувофиқлаштирувчиси Данило Чурчич, Елена Чеперкович – Спикер, ЕТТБнинг Белграддаги катта банкири Елена Чеперкович ва Нуржан Жумабаев – ЕТТБнинг Атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш департаменти катта ижтимоий маслаҳатчиси Нуржан Жумабоевлар қатнашди.
ЎзА мухбирлари анжуман тафсилотларини кузатиб боришяпти.
Ғайрат Хонназаров,
Аъло Абдуллаев,
ЎзА