Мисрнинг етакчи “Сада Ал-Балад” ахборот агентлиги “Тошкентда камбағалликни қисқартириш бўйича II Халқаро форум бўлиб ўтади” сарлавҳали мақола эълон қилди.
“Жорий йилги форум Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Болалар жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилмоқда, – деб ёзади муаллиф. – Бўлажак анжуманда 200 дан ортиқ делегат, жумладан, камбағалликка қарши кураш бўйича “J-PAL” глобал ташаббуси, БМ ТТД, ХМТ, Жаҳон банки, ЮНИCЕФ, ОТБ, ФТА, GIZ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар экспертлари иштирок этиши кутиляпти.
Миср ОАВ маълум қилганидек, иқтисод бўйича Альфред Нобель номидаги мукофот совриндори, камбағалликни қисқартириш бўйича “J-PAL” глобал ташаббуси ҳаммуассиси Абхижит Банержи, Жорж Вашингтон университети фаровонлик иқтисодиёти ва камбағалликни ўлчаш бўйича иқтисод профессори Жеймс Фостер, Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш ташаббуси директори Сабина Алькайрнинг форумда иштирок этиши алоҳида аҳамиятга эга.
“Халқаро форумнинг мақсади – камбағалликка қарши курашиш бўйича илғор жаҳон тажрибаси ва усулларини ўрганиш, яқин йилларда кўп ўлчовли камбағалликка барҳам беришда мувофиқлашган комплекс ёндашув, ижтимоий ҳимоя ва манзилли ёрдамга алоҳида эътибор қаратган ҳолда амалга ошириладиган қўшма тадқиқотлар учун устувор йўналишларни шакллантириш, инсон капиталини такомиллаштириш орқали меҳнат бозорида ўқитиш дастурлари сифатини ошириш, кичик корхоналар ўсишини қўллаб-қувватлаш, юқори сифатли таълим олиш имкониятини кенгайтиришдан иборат, деб қайд этади нашр.
Мақолада, шунингдек, иштирокчилар ривожланаётган мамлакатларда тўпланган тажрибани янада оммалаштириш мақсадида камбағалликка қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширишда Ўзбекистон эришган ютуқларнинг усул ва натижаларини, жумладан, саъй-ҳаракатлар самарадорлигини кўриб чиқиши таъкидланган.
“Форум доирасида ҳамкорликка оид қатор ҳужжатларни имзолаш ва қўшма коммюнике қабул қилиш режалаштирилган. Жумладан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда “J-PAL” глобал ташаббуси ўртасида Ҳамкорлик дастури имзоланиши кутилмоқда”, деб ёзади “Сада Ал-Балад”.
ЎзА