Нукусда “Chirana Asia – 2023” – мамлакатимиз анестезиолог ва реаниматологларининг биринчи таълим форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбанов, Ўзбекистон Республикаси бош анестезиолог-реаниматологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ж.Сабиров ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасидаги янгиликлар, шунингдек илк бор ўтказилаётган форумнинг аҳамиятига тўхталишди.

Форум доирасида “Замонавий беҳушлик методологияси”, “Ўпкаларни сунъий винтеллаш аппаратлари қурилмаси, хусусиятлари ва имкониятлари”, “Вентиляцияни қўллаб-қувватлаш усуллари ва режимлари” мавзуларида маърузалар тингланиб, маҳорат сабоқлари ўтказилди.
Ўзбекистонда миллий бренд остида беҳушлик-нафас олиш ускуналари ишлаб чиқарувчиси CHIRANA ASIA масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган янги турбинали сунъий ўпка винтеллаш аппарати лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги инновацион ривожланиш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Нукус филиали иштирокида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа ташаббускори, таниқли тадбиркор ва Ўзбекистонда инновацион технологияларни жорий этиш билан шуғулланувчи CHIRANA ASIA асосчиси Василий Юревич Шимконинг сўзларига кўра, миллий бренд остида янги ноёб вентилятор яратиш республиканинг тиббий асбобсозлик соҳасини ривожлантириш учун кучли рағбат ва ишончли қадам бўлади.
Қурилма устида ишлашга Ўзбекистон ва Россия конструкторлари, муҳандислари, дастурчилари, саноат дизайнерлари, маркетологларининг нуфузли жамоаси жалб этилган. Янги қурилмага сунъий интеллектни бошқариш ва назорат қилиш, ўпканинг оғир шикастланиши бўлган беморларни даволаш учун кўп даражали шамоллатиш опцияси, терапевтик ва ёрдамчи шамоллатиш режимларини созлаш имконияти берилади.

Икки кун давом этган тадбирда Тошкент шаҳридан, вилоятлардан ва Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари Россия Федерациясидан ҳам таниқли профессор-ўқитувчилар, анестезиолог-реаниматологлар иштирок этди.

– Анжуманда янги даволаш услублари, сунъий нафас бериш, наркоз ускуналарини ишлатиш тартиби юзасидан маълумотларга эга бўлдик, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги У.Халмуратов номидаги республика кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлими мудири Баҳодир Сатбаев. – Яқин кунларда мамлакатимиз анестезиолог ва реаниматологлари “CHIRANA ASIA” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги аппаратнинг тажриба намунасини чиқариш 2023 йил охири – 2024 йил бошида режалаштирилган.
Форум иштирокчилари тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш борасида ҳамкорлик юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, 
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА