Ўтган йил сайёрамиз аҳолиси 8 миллиардлик маррадан ўтди. БМТ тахминига кўра, 2050 йилга бориб, Ер юзида 9,7 миллиард киши яшайди, 2100 йилга бориб эса аҳоли сони 10 миллиарддан ошади. Бинобарин, сайёрамиз аҳолиси ўсиш даражаси аста-секин пасаймоқда. Айрим минтақаларда, масалан, Европада айни тенденция аллақачон кузатила бошлаган.
Кўҳна қитъа аҳолишунослари ЕИ йирик демографик ўзгариш арафасида турганини хавотир билан таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, иттифоққа кирувчи мамлакатлар аҳолиси 2100 йилга келиб 27,3 миллион камаяди. Минтақада туғилиш кўрсаткичи йилдан-йилга пасаймоқда, Буни янги фаразлар аср охирига келиб аҳоли сони сезиларли даражада камайишига ишора қилаётгани ҳам тасдиқламоқда.
Статистикага кўра, 2100 йилга келиб минтақа аҳолиси 6 фоиз камайиши мумкин.
Умуман, CОVID-19 пандемияси сабаб бўлган икки йиллик қуйилашдан сўнг Европа Иттифоқи аҳолиси кўпайиши, 2022 йилга келиб, аввалги ҳолатига қайта бошлаганди. Жорий йил минтақа нуфуси 451 миллион кишига етгани айтилмоқда. Бу ўсиш кўп жиҳатдан украиналик қочқинлар кўчиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, дейишади экспертлар. Мазкур тахмин қитъада нафақат туғилиш ёки ўлим кўрсаткичи, балки миграция ҳақидаги маълумот асосида ҳам тузилганини инобатга олиш жоиз.
Барибир, Европа Иттифоқи статистика идораси сўнгги ҳисоботига кўра, Иттифоқ аҳолиси ўсишда давом этади ва 2026 йил 453 миллион кишига етади. 2100 йилга келиб бу кўрсаткич 420 миллион кишига тушиб қолади.
Демографик пасайиш таҳдиди нима?
2100 йил учун демографик пирамида жамият қисқариши ва қаришини башорат қилмоқда. Бу болалар, 20 ёшгача ва меҳнатга лаёқатлилар улуши камаяди, дегани. 65 ёшдан катталар эса, аксинча, ортиб боради. Яъни,
2100 йилга келиб Иттифоқ мамлакатларида 65 ёшдан катта кишилар 32 фоизни ташкил қилади. Афсуски, бу ижобий ҳолат эмас, чунки, одатда, кексаларни ижтимоий ҳимоялаш меҳнат қилиш қобилиятига эга аҳоли қатлами зиммасига тушади. Ҳолбуки, ўтган йил ушбу кўрсаткич 21 фоиз эди.
Келгусида демографик пирамида бугунги кунга қараганда анча юқори кўриниши фараз қилиняпти. Жамиятда 20 ёшгача бўлганларга қараганда, 80 ёшдан ошганлар кўп бўлади.
Яқинда Хитой аҳолиси олтмиш йил ичида илк бор камайгани ҳақида мақола эълон қилинди. Европа демографлари ушбу мақоладан кейин минтақадаги инсон ресурсларига оид тахминларини эълон қила бошлади. Аниқроғи, бу борада бироз хавотирли рақамлар юзага чиқа бошлади.
Масалан, Миллий статистика бюроси эълон қилган маълумотга кўра, 2022 йил охирида Хитой аҳолиси 1 миллиард 411.75 миллионни ташкил этган. Бу илк бор мамлакат аҳолиси 850 мингга камайганини кўрсатди. Яъни, ўлим ҳолати туғилишдан кўп. Хитойда нафақат туғилиш, балки кексайиш жараёни ҳам тезлашмоқа. Муаммо шундаки, мамлакатда демографик вазият ёмонлашиши ишчи кучи камайиши, пенсия тизими бузилишига олиб келиши мумкин, дейди экспертлар.
Умид мигрантларданми?
Мутахассислар таъкидлашича, 2100 йилгача Европа Иттифоқи аҳолиси камайиши кутилаётганига қарамай, айрим аъзо мамлакатлар аҳолиси миграция орқали кўпайиши мумкин. Масалан, Бельгия, Чехия, Дания, Ирландия, Франция, Кипр, Люксембург, Мальта, Нидерландия, Австрия, Швеция ва Исландияда шундай жараён кузатилади.
Европа Иттифоқи аҳолиси узоқ умр кўряпти. 65 ёшдан катта аҳолининг улуши барча аъзо давлатларда, аллақачон, ўсиб бормоқда. Бу борада Хитой анча орқада.
Қитъада 65 ёшдан катта аҳоли улуши ортиб боради. Жамиятда кексалар улуши кўп мамлакатлар сифатида Италия (22,5 фоиз), Финландия (22,7), Греция (22,5), Португалия (22,4) ва Германия (22,4) тилга олинмоқда.
Яна бир факт: сўнгги ўн йилда 65 ёшдан кекса аҳоли кўпайиши билан боғлиқ энг юқори кўрсаткич Финландияда кузатилган (5,2 фоиз), Польша ва Чехия иккинчи ва учинчи ўринда. Умуман, ўтган аср Европа Иттифоқи ҳудудида яшаш кўрсаткичи тез ўсди. 1960 йил ўртача умр кўриш 69 ёшни ташкил этган бўлса, 2021 йил айни рақам 80 га тенглашди.
Мутахассислар Европа Иттифоқидаги бундай ўзгаришни бир неча омил, жумладан, чақалоқлар ўлими камайиши, турмуш даражаси ва тарзи ижобий томонга ўзгариши, таълим яхшиланиши, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасида ютуқларга эришилиши билан изоҳлайди. Афсуски, бу кўрсаткич CОVID-19 пандемияси бошлангандан кейин 2019 йилдаги 81,3 ёшдан 2020 йилда 80,4 ёшга, 2021 йил 80,1 ёшга тушиб қолди. Фақат Иттифоққа аъзо тўрт давлат – Дания, Эстония, Финландия ва Кипрда ўртача умр кўриш қисқариши қайд этилмаган.
Евроиттифоқда қайси давлатлар аҳолиси энг ёш?
2021 йил ҳолатига кўра, 15-64 ёшли меҳнатга лаёқатли кишилар Европа Иттифоқи аҳолисининг 64 фоизини, ўртача ёш 44,1 йилни ташкил қилиб, 2011 йил билан таққослаганда уч ёш ўсган.
2100 йилга келиб Иттифоқда ўртача ёш 48,8 ни кўрсатган. Бу ЕИ аҳолисининг ярми 48,8 ёшдан катта, дегани.
2021 йил энг қуйи ўртача ёш Кипрда қайд этилган. Орол аҳолиси ўртача 38 йил умр кўрган. Энг юқори ёш Италияда – 47,6 йилни ташкил этган.
С.Раҳимов,
ЎзА