Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қуввватлаш, уларга зарур имкониятлар яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Уларнинг таълим олишлари асосий устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди ва махсус тавсиянома асосида эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 1 минг 982 нафари, беш йил меҳнат стажига эга, аммо олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларнинг 507 нафари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди.
Магистратура босқичида таълим олаётган 12 минг 300 нафар, бакалавр йўналишида ўқиётган кам таъминланган эҳтиёжманд 2 минг 53 нафар хотин-қизнинг контракт тўловлари тўлаб берилди. 139 мингдан ортиқ талаба хотин-қизга 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредити ажратилди.
Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг мажлисида шу ҳақда сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбарининг оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш юзасидан қабул қилинган фармон ва қарорларида, шунингдек, 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурда белгиланган вазифалар ижроси таҳлили кўриб чиқилди.
Комиссия раиси, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, айниқса, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилаётганига эътибор қаратилди.
2022 йилда ушбу йўналишдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш мақсадида 27 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Бунинг амалий натижалари юқорида қайд этилган рақамларда ҳам яққол кўриниб турибди. Бундан ташқари, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига ўқитиш ишларига ҳам эътибор кучайди. Натижада 252 мингдан зиёд аёл касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди, 623 мингдан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 193 мингдан зиёд аёлга 3,9 триллион сўм кредит ажратилди.
3 миллион 336 мингдан зиёд хотин-қиз бирламчи онкоскрининг текширувидан, 1 миллион 13 мингга яқин нуроний онахон эса чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди.
Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 645 мингга яқин хотин-қиз билан индивидуал дастур асосида ишланди ва муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилди, 12,9 мингга яқин хотин-қизнинг уй-жой шароитлари яхшиланди, ижтимоий ҳимояга муҳтож 6 минг 876 нафар хотин-қиз жами 7,3 миллиард сўмлик реабилитация воситалари билан таъминланди.
Бошқа давлатларга чиқиб кетган 121,7 минг хотин-қиз ва уларнинг 25,9 минг вояга етмаган фарзандининг аниқ манзилли рўйхатлари шакллантирилди. 6 минг 96 болага васийлик ва ҳомийлик ўрнатилди, 11 минг 683 бола назоратсиз қолишининг олдини олиш чоралари кўрилди.
Жорий йилда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун билан хотин-қизларга нисбатан амалга оширилган турли тазйиқ ва зўравонликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Мажлисда мазкур қонун биринчи навбатда кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олингани ва тўлиқ қўллаб-қувватлангани таъкидланди.
Хотин-қизларнинг давлат органларида фаоллигини ошириш дастури, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1325-сонли “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” резолюциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ва Миллий режаси тасдиқланди ҳамда ижрога қаратилди.
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ва ижрога қаратилди.
Мажлисда республика комиссияси томонидан келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, корхона, ташкилот ва муассасаларда гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгашларини тузиш таклиф этилди.
Мазкур кенгаш мутахассисларини ўқитиш, хотин-қизларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, меҳнат жойларида аёллар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш зарурлиги қайд этилди. Ҳудудларнинг ўсиш драйверларидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш вазифалари белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА