Дунёнинг етакчи телеканалларидан бири Euronews эфирида намойиш этилган Focus кўрсатувида Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги йил сайин ортиб боришига сабабчи бўлаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Унда ўтган 6 йилда Ўзбекистонга келаётган инвестициялар ҳажми 10 баробар ортгани, чет эл капитали келиши учун яратилган барча шарт-шароитлар, маҳаллий табиий ресурслардан ташкил топган инфратузилма ҳақида батафсил маълумот берилган.

***

Бугунги кунга келиб, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган Ўзбекистонга халқаро компаниялар ва банклар томонидан сармоя киритилиши кўпаймоқда. Инвесторлар республиканинг қулай солиқ ва қонунчилик муҳитини, шунингдек, ёшлар устунлик қилаётган истиқболли меҳнат бозорини қайд этишмоқда.

Сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистонга халқаро сармоя киритилиши 10 баробардан ортиқ ўсди.  Давлат иқтисодиётининг глобаллашувини ҳисобга олган ҳолда 2017 йилда бошланган кенг кўламли ҳукумат ислоҳотлари Марказий Осиёнинг ушбу давлатга хорижий капитални жалб қилинишини рағбатлантирмоқда.

АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонаси “Silverleafe” Жиззах вилоятида пахта етиштиради. Экилишидан тортиб, ҳосилни йиғиб олишигача бўлган барча жараён 100 фоиз автоматлаштирилган. Бу йил “Silverleafe” янги технология – машинада терилган пахтани рақамли кузатиш тизимини жорий қилишни режалаштирган. Республикага барча жиҳозлар АҚШдан келтирилган.

– Қишлоқ хўжалиги машиналаридаги сариқ висорлар деҳқончилик ва рақамли қишлоқ хўжалиги тизимининг жуда муҳим қисмидир, – дейди “Silverleafe” ҚК бош директори Ден Петерсон. – Биз маълумот тўплашимиз, экинлар ҳақидаги маълумотларни текширишимиз ва сунъий йўлдош орқали маълумотларни юборишимиз мумкин. Шу тариқа пахта майдонларидаги вазиятнинг рақамли изини яратамиз.

GPS қўллаб-қувватлайдиган трактор вектори

Табиий ресурслар ва ёшлар

Петерсон 2018 йил қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва ислоҳотларда бевосита иштирок этиши учун таклиф қилинганди. Бугун “Silverleafe” республикага тахминан 40 миллион АҚШ доллари сармоя киритган.

– Одамларда бу ислоҳотлар ҳақиқатми ёки шунчаки қуруқ гапларми, деган кўплаб саволлар туғилади. Мен 5 йилдан бери ушбу ислоҳотлар ичида юриб, барчаси ҳақиқат эканлигини тасдиқлайман, – дейди Петерсон ишонч билан. – Мамлакатда чет эл капитали келиши учун шарт-шароитлар, маҳаллий табиий ресурслардан ташкил топган инфратузилма яратилмоқда.

Унинг фикрига кўра, Ўзбекистон бугунги кунда дунёдаги демографик вазиятни ҳисобга олиб, бизнесни бошқа минтақаларга ўтказиш ва сармоя киритишни режалаштираётган компаниялар учун ажойиб манзил бўлиб қолмоқда.

Юқорида берилган баҳога Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳам қўшилганга ўхшайди. Бу охирги беш йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларини қамраб олган 100та лойиҳани амалга ошириш учун 3 миллиард евродан ортиқ маблағни ажратишга ваъда берганидан кўриниб турибди. Йилдан-йилга инвестициялар ҳажми ҳам ошиб бормоқда.

Устувор йўналишлар қаторида барқарор энергетикани ривожлантириш ҳам бор: ЕТТБ Ўзбекистондаги биринчи хусусий қуёш электростанцияларидан бирига имтиёзли кредит ажратди. Охирги уч йил ичида республика инвестиция оқимини янада ошириш мақсадида Марказий Осиёда ЕТТБ томонидан молиялаштириш бўйича етакчига айланди.

– Ўзбекистон ислоҳотлар тарихи туфайли сармоявий қутбга айланди: биринчи қадам сифатида валютани либераллаштириш ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунни келтириш мумкин. Кейин 2030 йилгача амалга ошиши режалаштирилган “яшил иқтисодиёт” стратегияси, ҳозир ҳам давом этиб келаётган давлат банк ва ташкилотларни хусусийлаштириш бунга мисол бўла олади, – дейди ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос. – Бундай ўзгаришларнинг барчаси ҳалқаро инвесторларга Ўзбекистоннинг салоҳияти, интилишлари ва ислоҳотларга содиқлиги ҳақида кучли сигнал беради

Технологияларга сармоя киритиш

Технология соҳаси хорижий инвесторлар учун ҳар доим ўзига жалб этиб келган. Лондонда жойлашган Sturgeon Capital гуруҳи Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб стартаплар ва рақамли инфратузилмага 25 миллион долларлик махсус фонд орқали сармоя киритди.

Kiyan Zandieh, Sturgeon Capital компаниясининг бош директори: “Биз 3 та йўналишга эътибор қаратмоқдамиз: fintech – бозорлар (электрон тижорий платформалар) ва дастурий таъминот. Биз сармоя киритганимиздан буён бу компаниялар даромади деярли уч баробарга ошди ва бу узоқ муддат давом этишини кўрмоқдамиз”.

BILLZ Group Sturgeon Capital’дан инвестиция олган биринчи ўзбек стартапи бўлди. Компания чакана бизнесни бошқариш ва ривожлантириш учун дастурий таъминотни таклиф этмоқда.Ушбу стартап 4 давлат билан ҳамкорлик қилади ва янги инвесторларни жалб қилади.

BILLZ ҳаммуассиси ва директори Рустам Ҳамдамов шундай эслайди: “5 йил олдин инвесторларни топиш биз учун жуда қийин эди, жараён узоқ вақтни оларди. Энди эса улар билан мулоқот қилиш анча осонлашди. Ҳамкорлар сони ҳам, маблағлар ҳам 5 йил олдингидан анча кўп ва буларнинг барчаси бизга келажакни кенгайтириш ва ривожлантириш учун имкониятларни яратади.”

Виза режимининг либераллаштирилиши, солиқлар камайтирилиши, аҳолининг таълим ва касбий тайёргарлигининг ўсиши – буларнинг барчаси хорижий инвесторлар учун тўлиқ бўлмаган имкониятлар бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ҳукумати яқин тўрт йил ичида уларнинг ёрдами билан 100 миллиарддан ортиқ маблағ жалб этишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ривожланишнинг танланган векторини тасдиқлайди.

– Биз мамлакатдаги ишбилармонлик, инвестиция муҳитини янада жозибадор қилиш бўйича тизимли ва синчковлик билан ишлашни давом эттирамиз, – деди у Euronews телеканалига. – Биз учун энг муҳими – барқарор инвестициялар сифатини таъминлаш, Ўзбекистон иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантриш ва уни рақобатбардош қилишдан иборат.

 

Муҳайё Турдалиева тайёрлади, 

ЎзА