Тошкент халқаро аэропортида Германиянинг туризм соҳасидаги етакчи уюшмаси – DRV вакилларини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Ташриф давомида 70 та йирик сайёҳлик операторлари вакилларидан иборат делегация юртимизнинг диққатга сазовор масканларига ташриф буюриб, Қорақалпоғистон Републикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг маданий мерос объектлари ва яқинда ташкил этилган сайёҳлик объектлари билан танишади.
Ташриф якуни бўйича 16 май куни Германия ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги тадбиркорлари иштирокида «Destination Forum» анжумани ва B2B учрашувлари ташкил этилади. Анжуман доирасида Германиянинг етакчи сайёҳлик агентликлари ва туристик операторлари учун Ўзбекистонни европаликлар учун машҳур сайёҳлик йўналиши сифатида таништиришга қаратилган тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар беради Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати.
Н.Усмонова, ЎзА