Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2023 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботи муҳокама қилинди.

Унда Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров кун тартибидаги масала юзасидан ахборот берди.

— Жорий йилнинг ўтган даврида Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш ва доимий мониторинг олиб бориш юзасидан яхлит тизим яратилди, — деди Ж.Қўчқоров. — Ҳисобот даврида Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан жами 41 та ҳужжат қабул қилинган. Давлат дастурида жорий йил биринчи чорагида жами 59 та яхлит ва кичик банднинг ижросини таъминлаш белгиланган бўлиб, шундан 53 тасининг ижроси тўлиқ бажарилган, 6 тасининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.

Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар таҳлили ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилганини кўрсатмоқда. Жумладан, ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,5 фоизга ўсган. Давлат бюджети даромадлари 47,3 триллион сўмга ижро этилган. Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 18,1 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоизга ошган.

Хисобот даврида жами қиймати 2,55 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган, товарлар ва хизматлар экспорти 3,2 миллиард долларга етган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 6,2 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий этиладиган ва мақбуллаштириладиган 72 турдаги давлат хизматлари ва сервисларини электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланган.

Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар бажарилган. Жумладан, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 46 та туманлараро перинатал марказларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича тегишли шартномалар имзоланган. Хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни реинтеграция қилиш мақсадида 80,2 минг нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланган, — деди бош вазир ўринбосари ўз ахборотида.

Мажлисда сўз олган депутатлар Давлат дастуридаги қатор бандларнинг ижроси юзасидан саволлар билан мурожаат қилдилар. Хусусан, депутат Зулайҳо Акромова жойлардаги учрашувлар давомида айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни “Аёллар дафтари”га киритиш, уларга моддий ёрдам ажратиш борасида муаммолар борлиги юзасидан мурожаатлар бўлаётганини қайд этиб, бу борада қандай чора-тадбирлар кўрилаётгани билан қизиқди.

Депутатнинг ушбу саволига жавобан оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга ўқитиш мақсадида 78 минг хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилгани, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга моддий ёрдам учун муайян маблағлар ажратилгани айтилди.

Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”га жами 70 минг 798 нафар ёш киритилиб, уларнинг 24 минг 467 нафарига контракт тўлови, меҳнат қуроллари учун маблағ, муддатли ҳарбий хизмат бадали, ҳайдовчилик курслари, касб-ҳунарга ўқиш ва даволаниш каби ёшлар орасида талаб юқори бўлган йўналишлардаги харажатлар учун 21,9 миллиард сўм қоплаб берилгани қайд этилди.

Давлат дастурининг ижросига оид ҳисобот юзасидан қизғин муҳокамалар давомида ҳар бир сиёсий партия фракцияси ўз нуқтаи назарини, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат дастурининг миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, инвестиция дастурларини амалга ошириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

ЎзМТДП фракцияси депутатлари эса партия дастурий вазифаларига ҳамоҳанг равишда олий таълим муассасаларининг 6 та таълим муассасасида хорижий эксперт иштирокида ички ва ташқи таълим сифатини таъминлаш амалиётини жорий этиш, профессионал таълим ходимларига меҳнатга хақ тўлашни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш юзасидан таклифлар берди.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш чоралари кўрилаётганини эътироф этиб, амалиётда бу борада ҳали-ҳануз айрим муаммолар, хусусан, инсон омили сақланиб қолаётганлиги, шу боис, айрим соҳаларда коррупцияни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг олдини олиш, адвокатура институти жозибадорлигини янада ошириш орқали соҳага ёш кадрларни жалб этишнинг самарали тизимини яратиш, адвокатурага ишга қабул қилиш тартибини янада соддалаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Шунингдек, ЎзХДП фракцияси вакиллари адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишларидаги ишларга эътибор қаратган бўлса, Ўзбекистон Экологик партияси фракция аъзолари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар, умуман, экологик соҳадаги бандларнинг бажаралиши юзасидан ўз муносабатларини баён қилди.

Мажлисда депутатлар жорий йилнинг иккинчи чорагида Давлат дастурининг ижроси устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш, парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланиш лозимлигини қайд этди. Муҳокамалардан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ижроси юзасидан тақдим этган ҳисоботи маъқулланиб, қатор таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА