Лондонда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон таълим форуми доирасида мамлакатимиз Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Буюк Британиянинг “Portsmut” университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Меморандум доирасида “Portsmut” университети филология факультети битирувчи талабаларининг республикамиз умумий ўрта таълим мактабларида маҳаллий чет тили ўқитувчилари билан жуфтликда дарс бериш тизимини йўлга қўйиш, мамлакатимиздаги лидер мактаб директорлари учун Буюк Британияда икки ҳафталик малака ошириш курсларини ташкил этишга келишилди.
Шунингдек, “Portsmut” университети Касбий ривожланиш ва амалий таълим йўналиши раҳбари доктор Стивен Корбетни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг хорижий тиллар ислоҳотлари йўналишида маслаҳатчи этиб тайинлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳамкорлигида республикамизнинг мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида фаолият олиб бориши кўзда тутилган халқаро университетлар ўқитувчилари ва битирувчи талабалари учун мавжуд бўлган шароитлар, таълим тизимимиздаги ютуқлар ва истиқболдаги режалар ҳақида тақдимот ўтказилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА