Пойтахтимизда Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси томонидан Ўзбекистонда тинчлик ва бирлик қадриятларига бағишланган анъанавий Европа куни ўтказилди.

Европа куни доирасида Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида классик мусиқа концерти бўлиб ўтди. Унда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан сўзга чиқиб, Европа кунининг ташкил этилиши ва ундан кўзланган мақсадлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри жамоасининг классик мусиқа дастури намойиш этилди.

Тошкент Ботаника боғида “Европа куни” фестивали ўтказилди. Унда Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонда молиялаштирилаётган 40 лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳалар гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини илгарилатиш учун фуқаролик жамияти, ҳамжамиятлар ва ҳокимият органлари қадриятларининг мустаҳкамланиши, қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш тизимлари, Erasmus+ таълим дастурлари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш каби муҳим йўналишларни қамраб олди.

– 2023 йил Европа кўникмалар йили деб эълон қилингани сабабли, аҳоли вакиллари бизнинг лойиҳаларимизга қизиқиш билдираётганларидан жуда мамнунман, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан. – Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонда молиялаштирилаётган дастурлар ичида аёллар, ёшлар ва чекка вилоятлар аҳолисига таълим олиш имконини берувчи дастурлар бор. Бу лойиҳалар Ўзбекистон аҳолисига уларнинг янада камол топишига хизмат қилувчи янги кўникмаларни ўзлаштиришлари учун кўпроқ имкониятлар тақдим этади.

“Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда афғонистонлик аёлларни ўқитиш орқали уларнинг иқтисодий имкониятларини ривожлантириш” минтақавий лойиҳасининг Ўзбекистондаги раҳбари Улуғбек Камолиддинов ҳам фестивалда ушбу лойиҳани тақдим этди.

– Бизнинг асосий мақсадимиз афғон аёллари учун муқобил ўқиш тизими, муқобил касб танлаш тизимини яратиб бериш ва бу орқали уларнинг иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу лойиҳа 2019 йилдан бошланган ва ҳозир иккинчи босқичида давом эттирилмоқда. Бугунги кунгача 155 нафар афғон аёлини TVET дастури бўйича ўқитдик. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, TVET дастури БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тошкент давлат аграр университети билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади. Шу тариқа, 2027 йилга қадар давом этадиган лойиҳамиз бўйича Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда таълим олаётган 155 нафар афғон аёли бизнинг битирувчиларимизга айланади, – деди У.Камолиддинов.

Фестиваль доирасида ташкил этилган ўзбек эстрадаси юлдузларининг чиқишлари, маҳорат сабоқлари, ижодий ва спорт тадбирлари иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири