Бугун Ўзбекистон заргарлик саноати бўйича Марказий Осиёнинг етакчисига айланиб улгурди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида таъкидланганидек, глобал бизнес оламида заргарликнинг алоҳида ўрни мавжуд. Санъат ва саноатнинг уйғунлашуви натижасида вужудга келган ушбу йўналиш борган сари янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистон эса бу тармоқнинг энг қадимий ва муҳим вакилларидан бири бўлиб, қадимда шарқ ва ғарбни боғлаган Буюк Ипак йўли марказларидан саналган Тошкент шаҳри бугун юртимизнинг заргарлик бўйича анъаналари ва ривожланиш тенденциялари ҳамда халқаро бозор тамойилларига кўра, дунёнинг кўплаб заргарлик компаниялари ва тадбиркорларини ўзида жамламоқда.

Қайд этилишича, ўтган йиллар давомида соҳа ривожи мақсадида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ёки биржа савдо тизими орқали қимматбаҳо металлардан фойдаланиш имконияти таъминланди. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришга берилган лицензиялар бекор қилиниб, ўрнига ушбу турдаги фаолиятни амалга ошириш учун тегишли тартибда хабардор қилиш тартиби жорий этилди.

Аффинаж корхоналарига ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли қуймаларни жисмоний ва юридик шахсларга сотиш имконияти берилди ҳамда заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар ўзлари ишлаб чиқарган заргарлик буюмларини мустақил равишда асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш ҳуқуқини қўлга киритди.

Соҳада фаолият юритаётган корхоналарнинг сони 1 минг 171 тага етди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА