Ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилишидан мақсад халқ ичига кириб, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш, аҳоли муаммоларини ўрганиб, бартараф этишдан иборат. Зеро, ҳоким ёрдамчиларининг барча ҳаракатлари халқнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида ишлаётган маҳаллам ўзим яшаб турган маҳалламга у қадар яқин эмас, лекин бу маҳалладаги ишлар билан танишиб, аҳоли билан тезда тил топишиб кетишимга монелик қилмади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани Марказобод маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Акмалжон Қўчқоров. – Марказобод маҳалласида 340 та хонадон мавжуд. 510 та оилада 2 минг 155 нафар фуқаро истиқомат қилиб келмоқда. Ўтган 2022 йил давомида ишсиз фуқаролар сони 81 нафарни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу рақам 26 тага камайди. Ҳозирда маҳалла ҳудудида 77 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб боради.
Уларнинг аксарияти хизмат кўрсатиш йўналишидаги тадбиркорлардир. Ҳудудда йирик корхоналар мавжуд бўлмасада, аҳоли хизмат кўрсатиш ҳамда ўзини-ўзи банд қилиш орқали рўзғор тебратишга имконият топиб келмоқда. Ўз меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда субсидиялар ёхуд имтиёзли кредитлар ажратиш ишлари маҳалладан чиқмай – ҳоким ёрдамчисининг кўмаги асосида онлайн тарзда амалга ошириб келинмоқда. Фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари мавжуд корхона ва ташкилотларга саёҳатлар, ҳудудий меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Ҳудудда ишсизлик ва камбағалликнинг олдини олиш учун энг аввало, маҳалланинг ўсиш драйверидан келиб чиққан ҳолда, фуқароларга чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик каби йўналишларда таклифлар ва кўникмалар берилишини тизимли йўлга қўйиш зарур. Маҳаллада мавжуд муаммоларни ўрганиш натижасида 0,5 км. ички йўлга қора қопламали асфальт ҳамда бетон асфальт ётқизилди ҳамда 0,5 км. ичимлик суви қувурлари янгиланди. Бундан ташқари 1 км. пиёдалар йўлакчаси ташкил этилиб, 40 та қуёш панелли тунги ёритгичлар ўрнатилди.
Ҳоким ёрдамчилари учун “Online mahalla” онлайн тизими яратилган. Мазкур платформа орқали барча маълумотлардан электрон шаклда, инсон омилисиз фойдаланиш мумкин. Бу аҳоли учун ҳам жуда қулай, энг муҳими, ҳеч қандай ортиқча хатти-ҳаракатларни талаб қилмайди.
– Фаолиятимиз самараси аҳолининг ҳоким ёрдамчилари институтига ва “маҳаллабай” тизимига ишончининг тобора ортиб боришида намоён бўлади, – деди А.Қўчқоров. – Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан ташкил этилган “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” республика танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллаб, энг яхши ҳоким ёрдамчиси сифатида эътироф этилдим. Бу мукофот менга янада куч ва ғайрат бағишлади. Зиммамдаги вазифалар залворини янада ҳис этишимга туртки бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА