ФОТОРЕПОРТАЖ
Палов – ўзбек халқининг энг севимли таоми, дастурхонимизнинг кўркидир. Кундалик ҳаётда, турли базм, тўй ва маъракаларда асосий таом сифатида тортилади. Юртимиз гастрономик туризмида ҳам палов муҳим ўрин эгаллайди. Уни тайёрлаш жараёни эса санъат даражасига чиққан.
Юртимизнинг ҳар бир шаҳри, вилояти палов (ош) тайёрлашда бир-бирини такрорламайдиган ўз услубига эга. Тошкентча “тўй оши”, “чойхона палов”, Фарғона водийсининг “девзира” гуручидан дамланадиган палови, Самарқанд оши, Хоразм сузма палови кабилар бир-биридан ўзгача таъми билан фарқланади.
Ўзбек палови – ЮНЕСКО рўйхатига киритилган бўлиб, мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳ борки, уни тотиб кўришга ошиқади.
Катта дошқозонларда, тўй-тантаналарда паловни асосан эркаклар тайёрлайди.
Сабзи, пиёз, гуруч ва хушбўй зираворлар, ёғ ҳамда сараланган гўшт паловнинг асосий таркибий масаллиқлари ҳисобланади. Ош тайёрлаш жараёни эса масаллиқларни танлаш, тўғраш, уларни қовуриш, гуруч солиш ва димлашдан иборат. Бу жараён ошпаздан катта маҳорат ва ҳушёрликни талаб этади.
Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган фоторепортаж орқали палов тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишишингиз мумкин.
Камола ЮСУПОВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА