Маълумки, шу йилнинг 3 май куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан эндиликда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар 2023 йилдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан аниқланади.

АОКАда ўтган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Жалол Арашов амалга ошириладиган ишлар хусусида куйидагиларни маълум қилди.

–Овоз бериш жараёни ҳар йили ноябрь–декабрь ойларида, 2023 йил учун  истисно тариқасида май ойида ўтказилади. Ҳар йили 1 ноябрга қадар давлат бюджетининг тасдиқланган кўрсаткичлари асосида ҳудудлар бўйича йўналтириладиган капитал қўйилмалар туман ва шаҳарлардаги аҳоли ва маҳаллалар сонига нисбатан тенг улушларда, лекин 8 миллиард сўмдан кам бўлмаган ҳолда ажратилади.

Жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёнлари учта босқичда ташкил этилади. 1-босқичда — порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади. 2-босқичда — шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади. 3-босқичда — саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда тегишли маҳалла (қишлоқ) фуқаролари билан бамаслаҳат ҳамда ҳудуддан сайланган депутатлар олдида ҳимоя қилинган лойиҳалар тўпламини порталга киритади.

Танлаб олинган тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағлар миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилади.

Ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар) аниқлангандан сўнг бир ой муддатда лойиҳа ташкилотлари томонидан ғолиб ҳудудларнинг бош режа схемалари, маҳалла ва қишлоқлар марказининг замонавий қиёфаси акс этган лойиҳалар ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.

Дастурларга  киритилган объектларни қуриш ёки реконструкция қилиш учун зарур ер участкаларини белгиланган тартибда ажратиш, архитектура-режалаштириш топшириқларини ўз вақтида бажарилиши устидан кунлик мониторинг ишларини ташкил этиш таъминланади.

Шунингдек, объектлар бўйича лойиҳалаштириш топшириқларини ишлаб чиқишда энг мақбул меъморий ва техник ечимлар қўлланилади.

Намунавий лойиҳалардан фойдаланиш бўйича тегишли соҳа вазирликларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларига белгиланган кўрсатмалар юборилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги дастурлар доирасидаги объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан пухта ва сифатли ўтказилишини таъминлайди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш доирасида бош лойиҳачи ва бош пудрат ташкилотлар белгиланган тартибда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали ҳамда объектларни сақлаш билан боғлиқ таъмирлаш ишлари учун жалб қилинадиган ташкилотлар белгиланган тартибда тендер орқали аниқланади.

Мазкур қарор билан жамоатчилик назоратини юритиш тартиби тасдиқланди. Ушбу жараёнларнинг барча босқичларида бажарилган ишларни, реал вақт режимида баҳолаб бориш имконияти пайдо бўлмоқда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси эса ушбу йўналишдаги қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан тизимли назорат ўрнатиб, дастурлар ижросини мониторинг қилиб боради.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА