Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигидаги вазирлик делегацияси айни дамда Бутунжаҳон таълим форумида иштирок этмоқда.
Форум Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ташкил этилган бўлиб, унда бутун дунёдан таълим вазирликлари делегациялари қатнашмоқда.
Бутунжаҳон таълим форуми таълим соҳасида мавжуд муаммоларга ижобий ечим топиш, юзага келган таълим ва ўқув масалаларида фикр алмашиш, таълимдаги янгиликлар ҳақида тақдимотлар ўтказиш, давлатлар томонидан таълимнинг турли хил йўналишларидаги муваффақиятлар билан бўлишиш учун халқаро майдон ҳисобланади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Бутунжаҳон таълим форуми анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилади ҳамда таълим соҳасидаги дунёнинг энг нуфузли тадбирларидан бири ҳисобланади.
Мазкур форум доирасида мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова қатор учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Озарбайжон Республикаси Таълим ва фан вазири Эмин Амруллаев ва Шри-Ланка Республикаси таълим вазири Сусил Премажаянта билан учрашди.
Учрашувда Шри-Ланка Республикасининг олий таълим муассасалари информатика ҳамда STEM таълими йўналишида Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим муассасаларига маҳаллий ўқитувчиларга “устоз-шогирд” модели асосида ассистент ўқитувчи сифатида жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари Cambridge Partnership for Education ташкилотининг тижорий стратегия бўйича директори Кенан Барут билан учрашувда бир қанча йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Жумладан, Президент мактаблари тажрибаси асосида умумий ўрта таълим муассасалари таълим жараёнига илмий асосланган баҳолаш тизимини жорий қилиш, педагогларнинг малакасини ошириш ва уларни баҳолаш бўйича Cambridge International PDQ (ўқитувчиларнинг касбий фаолиятини баҳолаш) механизмини татбиқ этиш масалалари кўрилди.
Шу билан бирга, мактаб битирувчиларига иккита хорижий тил ва касбга ўрганишда қўйилажак талабларга асосан умумий ўрта таълим учун ўқув дастурини қайта танқидий кўриб чиқиш, 5-11-синф учун ишлаб чиқилаётган аниқ ва табиий фанлар йўналишларидаги дарсликларни экспертиза қилишга ҳам эътибор қаратилди.
Times Higher Education ташкилоти Яқин Шарқ ва Африка минтақаси раҳбари Ник Девис билан учрашувда эса истиқболдаги ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.
Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА