Ҳурматли фестиваль қатнашчилари!
Қадрли меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, сиз, азизларни гўзал ва навқирон Гулистон шаҳрида ўтказилаётган учинчи Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бугунги анжуманда иштирок этаётган нуфузли халқаро ташкилотлар – ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ, Туркий маданият ва мерос фонди вакилларини, ўттиздан ортиқ чет мамлакатлардан келган халқ ижодиёти намояндаларини, атоқли санъат ва маданият арбоблари, оммавий ахборот воситалари ходимларини самимий қутлаб, барчангизга юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Муҳтарам анжуман иштирокчилари!
Жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари орасида ҳар қайси миллатнинг фольклор санъати беқиёс ўрин тутиши сизларга албатта яхши маълум. Халқ оғзаки ижодиётининг сарчашмаси бўлган бахшичилик санъати эса инсонни инсон сифатида намоён этадиган энг эзгу туйғу ва қадриятларни тараннум этиши билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
Ҳаётнинг жонбахш садоси каби янграйдиган бу куй-қўшиқлар бугунги долғали замонда бизга одамзот наслининг ўзаги бир экани, бани башар ягона томирдан тарқаганини англатиб, ер юзидаги барча миллат ва элатларни бир-бирини тушуниб, ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлиб яшашга даъват этиши билан айниқса қадрлидир.
Шу боис ҳам, биз халқ қалбининг оташин куйчилари бўлган бахши, оқин ва жировларни асрлар давомида ана шундай улуғ вазифани шараф билан адо этиб келаётган олижаноб инсонлар сифатида ҳамиша ардоқлаймиз. Хусусан, миллий достон ва термаларда эл-юртимизга хос гўзал фазилатлар, унинг азалий орзу-умидлари, дарду армонлари бамисоли кўзгудек ёрқин ва тиниқ акс этгани, улар тарихнинг мураккаб ва синовли даврларида бизга чексиз руҳий қудрат, ёруғ кунларга ишонч бағишлаб келиши ҳам айни ҳақиқатдир.
Мен бу ўринда бизнинг фольклор санъатимиз ҳақида тўхталиб ўтдим, холос. Аслида эса бундай хусусият ва аломатлар дунёдаги ҳар бир халққа мансуб эканини жаҳоннинг турли қитъа ва минтақаларидан ташриф буюрган сиз, ҳурматли меҳмонларимиз ҳам тасдиқлайсиз, албатта.
Бугунги кунда глобаллашув жараёнлари тобора кенгайиб, асл санъат ўрнини, афсуски, шоу-бизнес, оломон маданияти эгаллаб олаётган бир шароитда беқиёс маънавий бойлигимиз бўлмиш мумтоз санъатни, халқ ижодиётининг нодир намуналарини асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодларга безавол етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳаларини, жумладан, бахшичиликни янада ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш жоиз.
Мамлакатимизда Республика бахшичилик санъати маркази ҳамда Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси, ҳудудларда мазкур йўналишдаги ансамбллар самарали фаолият олиб бормоқда.
Истеъдодли фольклор усталаридан ёзиб олинган достон ва термаларнинг “олтин фонди” шакллантирилмоқда. Халқ ижодиёти ёдгорликлари китоб ва тўпламлар ҳолида мунтазам нашр қилинмоқда, илмий экспедициялар ва анжуманлар ташкил этилмоқда. Таниқли бахши, жиров ва оқинларнинг хотираси абадийлаштирилиб, улар ҳақида илмий-оммабоп асарлар, ҳужжатли фильмлар яратилмоқда, таълим масканларида бахшичилик синфлари ва тўгараклари фаолият юритмоқда.
Бугун юртимизда учинчи бор ўтказилаётган ушбу халқаро фестиваль бу борадаги амалий ишларимизнинг яна бир ёрқин намоёни эканини қайд этиш лозим.
Ана шундай тизимли ёндашув туфайли бахшичилик ва мақом, академик ижро санъати ёшларимиз ўртасида тобора оммалашиб бормоқда. Соҳада “устоз-шогирд”лик анъаналари мустаҳкам қарор топиб, бахшичилик санъатига оид ноёб асарларни меҳр-муҳаббат ва юксак маҳорат билан ижро этадиган янги истеъдод эгалари кўплаб етишиб чиқаётгани ҳаммамизни қувонтиради.
Азиз дўстлар!
Санъат мухлислари қалбидан тобора чуқур жой эгаллаб бораётган мазкур нуфузли анжуман бу йил Сирдарё вилоятида бўлиб ўтаётгани албатта бежиз эмас.
Қадим-қадимдан дўмбира ва чанқовуз садолари янграб келган, фольклор бўйича бой мерос ва анъаналарга эга бўлган бу саховатли диёр бағридан Мурод бахши, Ҳамроқул бахши, Гулмурод бахши, Акрам булбул, Саидаҳмад ва Саидмурод бахши каби ижодкорлар, Сирдарёнинг фахру ғурурига айланган Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева сингари атоқли шоирлар етишиб чиққанини эл-юртимиз яхши билади. Уларнинг халқона донишмандлик билан йўғрилган бахшиёна оҳанглари ҳозир ҳам муносиб издошлар сози ва сўзида жаранглаб турибди.
Қадрли фестиваль иштирокчилари!
Жонажон юртимизда дилбар баҳор нафаси кезиб юрган мана шундай сўлим ва тароватли кунларда бўлиб ўтаётган Халқаро бахшичилик фестивали, кўнгли очиқ, меҳмондўст халқимиз билан қизғин мулоқотлар, юртимизнинг бетакрор маданияти ва ўлмас қадриятлари билан ошно бўлиш сизларга янги илҳом ва ижод завқини бахш этади, деб ишонаман.
Бугунги тантанамизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотларнинг вакилларига самимий миннатдорлик билдираман.
Фестиваль доирасида ўтказиладиган халқаро илмий-амалий конференция ишига ҳам муваффақиятлар тилайман.
Қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминига, ижод ва нафосат байрамига хуш келибсиз!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти