Марказий банк бошқаруви йиғилиши ўтказилди. Унда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бу қарор иқтисодиётда нархлар ўсишининг янада секинлашишига ёрдам берувчи пул-кредит шароитларини таъминлаш, шунингдек, март ойидаги асосий ставка пасайтирилишининг ялпи талаб ва таклифнинг мувозанатлашувига ижобий таъсирларини давом эттиришга қаратилган.
Марказий банкнинг маълум қилишича, йиллик инфляция даражаси март ва апрель ойларида ҳам пасайишда давом этди ҳамда мос равишда 11,7 ва 11 фоизга тенг бўлди. Ушбу пасайишда мавсумий омиллар ва ўтган йилдаги юқори база эффекти ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Инфляциянинг узоқ муддатли ва барқарор омилларини ифода этувчи базавий инфляцияда ҳам март ойида сезиларли пасайиш динамикаси кузатилиб, йиллик 12,9 фоизгача секинлашди (2022 йил декабрь ойида 13,8 фоиз). Бунда базавий инфляциянинг умумий инфляцияга ҳиссаси ўтган йилнинг октябрь ойидан буён биринчи марта 10 фоиз банддан камроқни ташкил этди.
Айни пайтда базавий инфляция даражасининг умумий инфляциядан юқорилиги иқтисодиётда маълум бир инфляцион хатарлар сақланиб қолаётганлигини ифодалайди.
Келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайиш тенденциясига қайтди ва мос равишда 14,4 ва 14,1 фоиз даражасида шаклланди. Бунда аҳолининг инфляцион кутилмалари бўйича жавоблар медианаси – 11,5 фоизгача ва тадбиркорлик субъектлариники – 11,4 фоизгача пасайди.
Жорий йилнинг январь ойида иқтисодиётда инфляцион кутилмалар кескин ошиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг иқтисодий вазият ҳамда нархлар бўйича хавотирлари ошганлигини намоён қилган эди. Кутилмаларнинг пасайиши ва узоқ муддатли трендига яқин шаклланиши инфляцион жараёнларнинг секинлашуви бўйича умумий тенденцияларнинг келгусида ҳам давом этиши борасидаги мулоҳазаларни кучайтирмоқда.
Ташқи молиявий шароитларнинг қатъийлашиб бораётгани жаҳон ва минтақавий молия бозорларида тебранувчанликнинг кучайишида намоён бўла бошлади.
Халқаро банк тизимида юзага келаётган хатарларга нисбатан тезкор жавоб чоралари қўлланилишига қарамай, кредитлаш шартларида қатъийлик ва келгуси хатарлар бўйича ноаниқликларнинг йил охиригача сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.
Ўтган йилдаги юқори даражадаги трансчегаравий пул ўтказмалари, жорий йилда давлат бюджети харажатларининг ошиши, шу жумладан, иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши истеъмол талаби ўсишини қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, келгуси чоракларда иқтисодий фаолликнинг юқори бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА