Мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида урбанизация муҳим аҳамият касб этади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг шаҳарларда жойлашиши уларда доимий иш ўринларининг яратилиши ва фаровонликнинг қишлоқлардагига қараганда юқори бўлишига хизмат қилади. Бу эса уларда ижтимоий кўрсаткичлар, жумладан, таълим сифатининг ҳам юқори бўлишини таъминлайди.
Демак, урбанизация таълим жараёни ва унинг сифати учун муҳим аҳамият касб этади. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Суҳроб Маҳмудовнинг таъкидлашича, таълим сифати ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ўзаро боғлиқдир.
–Бундай боғлиқлик таҳлилларда янада яққол намоён бўлади, –деди С.Маҳмудов. – Масалан, муассаса томонидан абитуриентларнинг 2022/2023 ўқув йили учун ОТМга кириш имтиҳонларида тўплаган баллари асосида таълим сифати ва аҳоли даромадлари, ишсизлик ва бандлик, мактабгача таълимнинг қамрови ва урбанизация даражаси ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг асосий кўрсаткичлари сифатида таҳлил қилинди. Бунда биз ҳудудлар бўйича ўргандик.
Натижа шуки, ҳудудлар бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва аҳоли саводхонлиги кўрсаткичлари ўзаро боғлиқ. Масалан, умумий даромаднинг аҳоли жон бошига улуши, бандлик даражаси, 1-6 ёш оралиғидаги болаларнинг мактабгача таълим ташкилоти билан қамраб олиниши кўрсаткичлари паст ҳудудлардаги абитуриентлар кам балл тўплаган.
Бу нимадан далолат беради? Бунда қишлоқларда шаҳарларга нисбатан ижтимоий инфратузилманинг ривожланмаганини сабаб сифатида келтириш мумкин. Бу эса шаҳарларда ижтимоий кўрсаткичлар, жумладан таълим сифатининг ҳам юқори бўлишини таъминлайди. Натижалардан кўриш мумкинки, шаҳарлар бўйича битирувчиларнинг ўртача бали 78,0 ва бошқа ҳудудлар бўйича 73,2 ни ташкил этган.
Таҳлиллар Навоий, Нукус ва Бухоро шаҳарлари ўрта ва ўрта махсус таълим сифати бўйича мамлакатнинг бошқа ҳудудлари учун намунавий ҳудудлар бўла олишини кўрсатди. Бу шаҳарларда 2022 йил битирувчиларининг ўртача бали 89,9-94,3 оралиғида бўлган. Кейинги ўринларни Бухоро вилоятининг Қоракўл (89,6 балл) ва Пешкў (88,6 балл) туманлари банд этган. Таъкидлаш лозимки, битирувчиларнинг ўртача бали ва аҳоли даромадлари ҳамда мактабгача таълим билан қамров даражаси ўртасида боғлиқлик кузатилди.
2022 йил битирувчилари кесимида Бухоро вилояти таълим сифати бўйича етакчи ҳудуд бўлиб, вилоят битирувчилари кириш имтиҳонларида ўрта ҳисобда 85,6 балл тўплаган. Шунингдек, Навоий, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида вазият бошқа ҳудудлардагига қараганда яхшироқ. Бу ҳудудларда битирувчиларнинг ўртача тўплаган бали 77,0-83,4 оралиғида бўлган. Сирдарё, Сурхондарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида эса ўртача балл 69,5-72,7 ни ташкил этган.
Бундан ташқари, таҳлил таълим йўналишлари кесимидаги тафовутлар юқорилигини ҳамда баъзи муҳим соҳаларнинг жозибадорлигини ошириш лозимлигини кўрсатди. Давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентлар тўплаган ўртача ўтиш балининг энг юқори кўрсаткичи ҳуқуқ (177 балл), иқтисод (160 балл), гуманитар фанлар (158 балл), соғлиқни сақлаш (157 балл), санъат (154 балл) соҳаларига тўғри келган бўлса, энг паст кўрсаткичлар ирригация ва мелиорация (92 балл) ҳамда қишлоқ хўжалик техникаси (93 балл) соҳаларида қайд этилган.
Хулоса ўрнида, таҳлилларда олинган натижалар кундалик ҳаётдаги муаммолардан тортиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги камчиликларгача, барчасини илмга сармоя киритиш орқали ҳал этиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди