Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемалари томонидан ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2021 йил 10 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Битимнинг асосий мақсади форс-мажор ҳолатларида давлат авиацияси ҳаво кемаларининг ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилишнинг ягона тартибини белгилашдан иборат.
Ҳужжатга мувофиқ, форс-мажор ҳолатлари юзага келган тақдирда томонлар давлат ҳаво ҳудудини қисқа муддатли кесиб ўтишга, ўз аэродромларидан бирига захира сифатида қўниш учун рухсат беришга ҳақлилиги назарда тутилган.
Ҳужжатнинг ратификация қилиниши парвозлар хавфсизлигини янада таъминлашга хизмат қилади.
Ялпи мажлисда маъқулланган қонун икки мамлакат ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди. Бу минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, бутун Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА