Маълумки, A-level сертификати дунёнинг 95 мамлакатидаги 1 минг 750 дан ортиқ ОТМлари томонидан тан олинади. Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги томонидан AS&A-level имтиҳонлари Cambridge Assessment International Education аккредитациясидан ўтган барча Президент мактабларида бир вақтда ўтказилади. Имтиҳонлар 3 майдан 8 июнга қадар давом этади.
Cambridge Assessment International Education ташкилоти томонидан тақдим этиладиган A-level сертификати халқаро олий стандарт сертификати бўлиб, имтиҳонларда иштирокчи А+(а+), А (а), B(b), C(c), D(d) ёки E(е) даражаларини олиш мумкин.
Бунда – А+(а+) – энг юқори -Е(е) – энг паст кўрсатгич ҳисобланади.
A-level сертификатини олиш учун нафақат Президент мактабида таълим олувчилар, балки барча хоҳловчилар топширишлари мумкин.
Имтиҳонлар анъанавий тарзда бир йилда 2 марта октабрь-ноябрь ҳамда май-июнь ойларида бўлиб ўтади. Кузги имтиҳонлар учун номзодлар августь-сентабрь ойларида, май-июндаги имтиҳонлар учун эса январь-февраль ойларида рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Cambridge Assessment имтиҳон учун 50 дан ортиқ турдаги фанни тақдим этади, талабгор эса 3 тадан 5 тагача фан танлайди.
Cambridge Assessment A-levelдан ташқари AS ва IGCSE сертификатларини ҳам беради. Президент мактаблари ўқувчилари IGCSE имтиҳонини — 8-9-синфда, AS имтиҳонини —10-синфда, A-levelни эса 11-синфда топширишади.
Четдан келган, жумладан, Президент мактаблари ўқувчиси бўлмаган талабгорлар нечанчи синфда ўқишидан қатъи назар, ўз билими ва хоҳишига қараб, исталган турдаги имтиҳонни топшириши мумкин.
Имтиҳон жавоблари август ойида почта орқали юборилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА