5 май куни Туркиянинг Конья вилоятида Европадаги энг йирик қуёш электр станцияси ўз фаолиятини бошлайди.
Anadolu агентлигининг ёзишича, «Карапинар» деб ном берилган электр станцияси қуввати 1350 МВт бўлиб, майдони 20 миллион квадрат метрга етади. Станцияда 3 миллион 256 минг 38 та қуёш панели ўрнатилган. Объект қурилиши 2020 йил январда бошланган эди.
«Карапинар» қуёш электр станцияси тўлиқ ишга тушгач, Туркиянинг қуёш энергетикаси қуввати 20 фоизга ошади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ушбу маблағнинг сезиларли қисми Британиядаги UKEF экспорт-кредит агентлиги йўналиши бўйича ажратилди, дейилади хабарда.
Қуёш электр станцияси йилига 3 миллиард КВт электр энергиясини ишлаб чиқаради. Бу Туркияда электр энергияси истеъмолининг 1 фоизини қоплайди. Тахминан 2 миллион кишининг электр қувватига бўлган эҳтиёжи қондирилади. Бундан ташқари, мазкур электр станцияси 2 миллион тонна зарарли чиқинди ҳавога тарқалишининг олдини олади.