Бугун, 3 май куни Душанбеда Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг 41-йиғилиши ўз ишини бошлади. Бу ҳақда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг 41-йиғилишида Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон электр энергетика ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонаси (видео-алоқа орқали) ҳамда “Энергия” мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбарлари ҳамда мутахассислари иштирок этмоқда.

Унда  2022/2023 йил куз-қиш мавсумида амалга оширилган ишлар ва мавсумда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди. Шунингдек, энергетиклар йиғилишининг кун тартибида 2023 йил суғориш мавсумида сув ресурсларини бошқариш, минтақада энергия тақчиллиги ва йирик авариялар содир бўлишининг олдини олиш, ҳамкорлик масалаларидаги истиқболли режалар, шу билан бирга, 2023/2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари ҳақида сўз юритилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишларда бошқа мамлакат энергетика соҳаси мутахассислари онлайн режимда ва кузатувчи мақомида иштирок этмоқда.

 

Насиба Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА