Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашида Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Инсон қадри ва саломатлиги иш жойларидаги хавфсиз меҳнат қилиш шароитлари билан узвий боғлиқ” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Нукус шаҳар тиббий-ижтимоий экспертизаси, Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, тармоқ ва ҳудудий Кенгаш раҳбарлари, корхона, муассаса ва ташкилотлардаги касаба уюшмалари қўмита раислари, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари, дастлаб, меҳнатни муҳофаза қилиш борасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, махсус кийим ва ҳимоя воситалари кўргазмаси билан танишди.

Давра суҳбатининг мақсади меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларга хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, меҳнатта ногирон бўлган  ёки касб касаллигига чалинган шахсларнинг касбий меҳнат қилиш даражасини белгилаш, инсон қадри ва саломатлиги йўлидаги ҳаракатларни шакллантиришга ҳисса қўшишдан иборат.

Ҳозирги вақтда Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлган ҳар бир давлат инсон қадри ва саломатлиги иш жойларидаги хавфсиз меҳнат қилиш шароитлари билан узвий боғлиқ эканлигини аллақачон англаб етди. Чунки, ҳаттоки бозор иқтисодиётида хизмат қилаётган ходимларга ҳам хавфсиз ҳамда ноқулай бўлмаган меҳнат шароитлари яратилиб берилиши зарур. Бундай шароитлар яратилиб берилмаган ҳудудларда эса ўз навбатида, иқтисодиётнинг ва халқнинг турмуш кечириш даражасининг ривожланишида қатор муаммоларни келтириб чиқарувчи омиллар пайдо бўлиши мумкин.

– 2022 йилнинг якуни бўйича  иш берувчилар томонидан 3 минг 96 та меҳнатни муҳофаза қилиш борасида тадбир ўтказилди, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи мутахассиси Султамурат Оразимбетов.– Шунингдек,  ходимларни озиқ-овқат, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлашга 8 миллиард  737  миллион 372 минг сўм, уларни  вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиш учун эса 1 миллиард 570  миллион 617 минг сўм миқдорида маблағ сарфланди. Бундан ташқари,  иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш учун ёки ходимлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисага учраган ҳолларда, уларга келтирилиши мумкин бўлган моддий зарарларнинг олдини олиш мақсадида 1 миллиард 287 миллион 940 минг сўм миқдорида маблағ сарфланди. Буларнинг барчаси жойларда инсон қадри ва саломатлигига юксак даражада эътибор берилаётганидан дарак беради.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Давра суҳбатининг якунида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш  юзасидан  ўтказилган  республика кўрик танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб бўлган корхоналар, бошланғич касаба уюшма қўмиталари, меҳнатни муҳофаза қилиш ходимлари қимматбаҳо совғалар ҳамда дипломлар билан тақдирланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА