Россиялик овчи Сергей Мазуркевич Сурхондарёда “Қизил китоб”га киритилган морхўр ва архар (тоғ эчкиси турига мансуб ёввойи ҳайвон)ни отиб ўлдириб, жараён видеосини ижтимоий тармоққа жойлаштирган. Ушбу жониворлар сони кескин камайиб кетганлиги боис “Қизил китоб”га киритилган экан.

Овчининг  ҳаракатлари жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. ЎзА мухбири мутахассислардан ушбу воқеага изоҳ сўради.

Ўлмас Собиров, Табиат ресурслари вазирлиги Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи:  

—2020 йилда қабул қилинган “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мавжуд. Ушбу қонуннинг 20-моддасига кўра республикамиздаги ҳар бир ёввойи ҳайвонот дунёси, ўсимликлар объектининг кадастр ҳисоботи юритилади. Қонунчилик талабларига мувофиқ берилган буюртма асосида шу ҳайвоннинг захираси қанчалик мавжудлиги ўрганиб чиқилади. Ўрганиб чиқилгач, табиатдан олиш мумкинлиги тўғрисида хулоса берилади. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан табиатдан бир дона ҳайвон ажратиб олинади.

Рухсатнома берилганидан кейин ҳам ов жараёни назорат остига олинади. Ов жараёнида овланган ҳайвон тўғрисида тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, табиатдан ажратиб олингани ҳақида акт тузилади.

Бу ерда Бухоро буғусини отибди, деган миш-мишлар тарқалган. Аслида табиатдан олинган морхўр ҳайвони 2022 йил ноябрь ойида тегишли қонунчилик талабларига муофиқ рухсатнома асосида, яъни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри олинган.

Н.Раҳмонова, Н.Абдувоитов(видео) ЎзА