Пойтахтимиз навбатдаги йирик халқаро тадбирга мезбонлик қилмоқда. Айни пайт “Tashkent City” Халқаро ишбилармонлар маркази Конгресс-холлида II Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки коммуникация масалалари бўйича директори лавозимида фаолият юритаётган Жонатан Чарльз модераторлик қилаётган анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Йиғилишда дунёнинг 56 мамлакатидан 2 мингдан зиёд киши, жумладан, йирик инвесторлар, турли давлатлар ишбилармон ва сиёсий доиралар вакиллари, молия институтлари, хорижий вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг инвестициявий салоҳиятини атрофлича очиб беришга қаратилган ялпи мажлис, экспертларнинг 30 дан зиёд мавзудаги қизғин баҳс-мунозараси, давра суҳбати ва музокараси режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари форум иштирокчиларини қутлаб, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳот ва янгиланишлар тўғрисида сўзлади ҳамда юртимизни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларига тўхталди.

Дарвоқе, мамлакатимизда кечаётган тизимли иқтисодий ислоҳотлар, яратилган қулай инвестицион муҳит, мунтазам ташкил этилаётган ишбилармон доира вакиллари мулоқоти хорижлик эксперт ва тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотяпти.

Гўзал Сатторова,

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА