Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 30 апрель куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси референдуми олдидан бугун Самарқанд вилоятида бўлиб, депутатлар, фаоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Сенат раиси дастлаб вилоят ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан суҳбатлашди.

– Конституциявий қонун лойиҳаси қандай жараёнлардан ўтиб тайёрланганидан яхши хабардорсизлар – биринчи босқичнинг ўзида 60 мингдан ортиқ, иккинчи босқичда эса 150 мингдан кўпроқ таклиф ва мулоҳзалар билдирилди, – деди Т.Норбоева. – 190 дан ортиқ давлат тажрибаси ўрганилди, лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди. Ҳар бир таклиф, керак бўлса, ҳар бир сўз атрофлича ўрганилди, баҳс-мунозаралар бўлди. Таклифлар орасида парламентни бир палатали қилиш ёки Сенат томонидан қонунларни кўриб чиқмаслик ҳақида ҳам фикрлар бор эди. Лекин бу конституциявий комиссия томонидан рад этилди. Чунки дунёнинг аксарият ривожланган, демократик давлатларида икки палатали парламент фаолият кўрсатади ва бу сифатли қонунлар қабул қилиш, халқ манфаатига қаратилган ҳужжатлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Янгиланаётган Конституциямизда, албатта, парламент фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар бор, ваколатларимиз кенгаймоқда. Сенатни ихчам, халқчил ва ҳудудлар манфаатини ифода этадиган идорага айлантириш бўйича нормалар киритилган. Сенаторлар сони ҳозирги 100 нафардан 65 нафарга туширилмоқда. Ҳар бир ҳудуддан 6 нафардан эмас, 4 нафардан сенатор сайланади. Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 нафардан 9 нафарга камаймоқда. Учрашувда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасидаги ўзгаришлар ҳам алоҳида таъкидланди. Хусусан, парламентга ўтказиладиган кейинги сайловларда хотин-қизлар сонини янада ошириш режалаштирилаётганлиги қайд этилди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА