Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер билан мулоқот ўтказди. Учрашувда тиббиёт соҳаси бўйича кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

ССВ матбуот хизматининг таъкидлашича, айни пайтда Германиянинг Фрайбург, Шарите, Ганновер халқаро нейроилмий ҳамда Роберт Кох олийгоҳлари билан онкология, нейрохирургия, кардиохирургия, телемедицина йўналишларида ҳамкорлик давом эттирилмоқда.

Германиянинг KfW банки билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш муассасаларини модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, муқобил энергия манбаларини ишга тушириш ва тиббий таълим бўйича умумий қиймати 175 миллион еврога тенг 7 та инвестициявий ҳамда грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” лойиҳаси мамлакатимизда ихтисослашган педиатрия хизматини яхшилашга қаратилган.

“Сил касаллигига қарши кураш” грант лойиҳасининг 5- ва 6-босқичи Республика ихтисослашган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда ҳудудий силга қарши диспансерларни замонавий жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминлашни кўзда тутади.

Қолаверса, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида телерадиологияни жорий этиш, соғлиқни сақлаш соҳасига рақамли технологияларни татбиқ қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги шифо масканларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, Термизда тиббий таълим ҳамда малака ошириш дастурини модернизация қилишга доир лойиҳалар ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, Германиянинг Шарите ва Роберт Кох университетлари клиникалари билан ҳамкорликда “Роберт Кох – Ибн Сино” тиббиёт фонди ташкил этилиб, унинг доирасида тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш, телемедицина ёрдамида маҳорат дарслари қамровини ошириш, хорижий инвестицияни жалб қилиш белгиланган.

Мулоқот давомида шу йилнинг 26-27 май кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон – Германия халқаро тиббиёт форуми ўтказилиши юзасидан келишувга эришилди. Таъкидланганидек, ушбу нуфузли тадбир орқали икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш, тиббий таълим, фармацевтика, IT, халқ табобати каби қатор йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва соҳага дахлдор қўшма корхоналар яратиш имкониятларини ўрганиш мақсад қилинган.

 

М.Қосимова,  

ЎзА