Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) миссияси раҳбари Альберт Йонссон бошчилигидаги кузатувчилар Ўзбекистонда ўтказиладиган референдум билан боғлиқ жараёнларни кузатмоқда.

Миссия раҳбари Альберт Йонссон бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Олий судига ташриф буюрди.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова делегация аъзоларига Ўзбекистон Республикасининг “Референдум тўғрисида”ги қонуни нормалари бўйича батафсил маълумот берди.

Референдумни ўтказиш бўйича комиссияларнинг қарорлари устидан тушган шикоятларни судда кўриб чиқиш тартиби ҳақида тўхталиб ўтилди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси билан белгиланган маъмурий судлар томонидан референдумни ўтказиш бўйича комиссияларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш муддати ва тартиби билан ҳам таништирилди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА