Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида вазир Иброҳим Абдураҳмоновнинг БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) Ижрочи котиби Ольга Алгаерова билан учрашуви бўлиб ўтди.

БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) ва вазирлик ўртасида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун барқарор ривожланишга асос бўлиб хизмат қиладиган транспорт, яшил энергетика, инновация ва технологиялар соҳаларини ривожлантириш ва бу йўналишда ташкилот кўмаги борасида сўз юритилди.

Шу билан бирга, О.Алгаерова 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси доирасида ҳамкорликда ишларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. У мамлакатнинг барқарор ривожланиш йўлидаги асосий йўналишлар, яъни очиқлик, аниқ режалар асосида фаолият ва рақамлаштириш соҳасидаги ишларнинг муҳимлигини қайд этиб, ҳозирги кунда ташкилот томонидан Ўзбекистон билан ушбу йўналишларда самарали ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Ўз ўрнида, ЕИК раҳбари ташкилотнинг бутун Европа транспорт, саломатлик ва атроф-муҳит дастурида иштирок этиш бўйича тавсиялари билан ўртоқлашиб, ушбу дастур шаҳарларда транспорт тизими, аҳолининг яшаш тарзи ва атроф-муҳит уйғунлигини таъминлашда ривожланган шаҳарлар тажрибасини ўрганиш ва ривожланишга қаратилганини айтиб ўтди.

Қайд этилишича, маҳсулот ва хизматларни “яшил” сертификатлаш масаласи долзарб бўлиб, бугунги кунда ушбу жараён стандартлари Ўзбекистонда мавжуд эмас. БМТ Европа иқтисодий комиссияси мутахассислари ушбу соҳада ҳам ишончли ҳамкорлар кераклигини таъкидлади.

Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери Миллий офиси томонидан InnoWeek.uz-2023 доирасида ЕИК билан ҳамкорликда махсус сессия ташкил этилишига келишилди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА