Сўнгги йилларда бутун дунёда интернет хизматларига бўлган талаб кескин ортиб бормоқда. Бунда халқаро ташкилотлар томонидан интернет хизматлари учун нархларнинг аҳоли учун қулайлиги ва ҳамёнбоплигини баҳолаш мезонлари жорий этилган. Жумладан, Халқаро электралоқа иттифоқи (The International Telecommunication Union (ITU)нинг 2022 йил якуни бўйича ҳисоботида мамлакатлар кесимида Интернет хизматлари нархлари ўрганиб чиқилган.

ITU томонидан АКТ хизматлари нархларини таҳлил қилишнинг 5 та умумлаштирилган хизматлар саватлари ишлаб чиқилган. Мазкур саватларда жамланган хизматлар нархининг ушбу мамлакатда аҳоли жон бошига тўғри келган ялпи миллий даромаддаги улушини аниқлаш орқали мамлакатларда Интернет хизматларининг ҳамёнбоплиги аниқланади.

2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бутун жаҳон мамлакатлари учун АКТ хизматлари нархининг ҳамёнбоплигини таъминлаш мақсадида 2025 йилга қадар саватларда жамланган АКТ хизматлари учун нархларнинг ушбу мамлакатда аҳоли жон бошига тўғри келган ялпи миллий даромаддаги улушини 2 фоизга етказиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинган.

Таъкидлаш жоизки, ITUнинг 2022 йил якуни бўйича ҳисоботида Ўзбекистон ушбу 5 та саватларнинг барчаси бўйича БМТнинг 2 фоизлик мақсадли кўрсаткичини бажарган давлатлар қаторига киритилган.

2021 йилда мақсадли кўрсаткич бажарилмаган биргина симли Интернет хизматлари кўрсаткичи 2,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич бажарилиб, 1,7 фоизни ташкил этган. Жами 2022 йил якунига ушбу кўрсаткични бажарган давлатлар сони 71 тага етказилиб, мақсадли кўрсаткични бажаришга эришган янги 7 та давлатлар қаторига Ўзбекистон киритилган.

 

Н.Раҳмонова,  

ЎзА