Жорий йилнинг 24-26 апрель кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида “Иннопром. Марказий Осиё” учинчи халқаро саноат кўргазмаси  бўлиб ўтди.

Унда турли давлатларнинг 300 дан ортиқ компанияси ўз имкониятларини намойиш этишга муваффақ бўлди. Кўргазма доирасида йирик ишбилармонлик тадбирлари ва учрашувлар ўтказилди.

Кўргазмада «Росатом» давлат корпорацияси «Барқарор энергия тизими ва экологик ечимлар», «Рақамли келажак» ва «Ядро тиббиёти ва технологиялари» йўналишларида истиқболли технологиялар ва маҳсулотларни тақдимот қилди.

Таъкидлаш керакки, «Росатом» давлат корпорацияси онкологик касалликларни ташхислаш ва даволашда ишлатиладиган, изотопли хомашё маҳсулотлари етказиб берувчи жаҳондаги энг йирик беш корпорациянинг биридир. Шу боис корпорация стендида соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиликлари алоҳида ўрин эгаллади.  Хусусан, унда кичик тос аъзолари, кўкрак бези, қизилўнгач, томоқ-бурун ва оғиз бўшлиғининг онкологик касалликларини контактли нурлантириш терапияси орқали мажмуавий даволаш учун мўлжалланган «Брахиум» гамма-терапевтик мажмуи тақдим этилди.

– Бугунги кунда Росатом соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча хизматлар мажмуини таклиф этди. Бунга изотоплар мажмуи, радиофармацевтикага оид дори-дармонлар, юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, тиббий маҳсулотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини ионлаштирувчи нурланиш воситасида қайта ишлаш, шунингдек, тиббий инфратузилма объектларини бунёд қилиш киради. Биз амалиётдаги илғор тажрибаларни қўллаш орқали Марказий Осиё фуқаролари учун ядро тиббиётининг сифати ва ундан ҳамма фойдалана олиши имкониятларини ошириб боришга тайёрмиз, – деди “Русатом Хэлскеа” АЖ бош директори Игорь Обрубов.

Шунингдек, энергетика объектлари ходимларининг ўқиб-ўрганишлари учун машқлар бажариш симуляторига, энергетика объектларининг аслига ўхшаш рақамли нусхаларига ҳамда математик моделлаштириш учун дастурий таъминотга эътибор қаратилди.  «Рақамли келажак» йўналишида  Марказий Осиёда саноат корхоналари учун ишончли рақамли инфратузилмани яратиш бўйича хизматлар таклиф  этилган бўлса, “яшил энергетика”нинг турли соҳалари – атом генерацияси қаторида шамол энергетикаси, энергияни сақлаш ва ГЭСлар қурилиши йўналишларига доир  ечимлари ҳам ҳавола этилди.

Насиба Зиёдуллаева,

 ЎзА