ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг маълум қилишича, жорий йил бошида коронавирус туфайли юз берган ўлим ҳолатлари сони 95 фоизга камайган. Шу билан бирга, унинг огоҳлантиришича, вирус ҳали ҳам хавфли ҳисобланади ва одамларнинг ўлимига сабаб бўлишда давом этмоқда.

«Биз коронавирусдан ўлим ҳолатлари давомли камайиб бораётганидан хурсандмиз, албатта. Бироқ, янги XBB.1.16 вариантининг пайдо бўлиши вирус ҳали ҳам мутацияга учраётганини ва касалланишнинг янги тўлқинини келтириб чиқариши ҳамда  ўлимларга сабаб бўлишда давом этишга қодир эканига гувоҳ бўлмоқдамиз», – дея таъкидлаган Тедрос Адханом Гебрейесус.

У бу йил ЖССТ коронавирус  туфайли эълон қилинган фавқулодда ҳолатни бекор  қилишига ишонч билдирди.

«Аммо ушбу вирус ҳали ҳеч қаёққа кетгани йўқ ва барча мамлакатлар бошқа юқумли касалликлар билан бир қаторда коронавирусга қарши курашишни ўрганиб олиши керак, – деди ЖССТ бош директори.