Келажакда Париж шаҳри жазирама иссиқ об-ҳаво билан тўқнаш келади, ёз ойларида ҳарорат 50 даражага чиқиши мумкин, дейилади Париж мэрияси яқин кунларда муҳокама қилиши кўзда тутилаётган ҳисоботда. Бу ҳақда «Евроньюс» маълум қилмоқда.

Зудлик билан чоралар кўрилмаса, асримиз ўрталарига келиб  шаҳарда чидаб бўлмайдиган иссиқ кузатилади, деб огоҳлантиради тадқиқот муаллифлари.

Мазкур ҳисобот сиёсатчиларнинг партиялараро гуруҳи ҳамда муҳандис “Париж ва иқлим ўзгариши”  китоби муаллифи  Франк Лирзен томонидан тайёрланган.

Шаҳарнинг ҳозирги ҳарорат рекорди 2019 йилда кузатилган бўлиб, шу йили ҳарорат сояда  42,6 даражани қайд этган. Бироқ 2050 йилга бориб ушбу юқори ҳарорат  яна саккиз даражага кўтарилиши мумкин.

Шаҳар, айниқса, узоқ муддатли иссиқ даврни бошдан кечиришга мойил. Унинг об-ҳавоси ён-атрофдаги туманларга қараганда 2-3 даража иссиқ. Аномал иссиқларда ушбу фарқ 10 даражага чиқиши мумкин, дейилади хабарда.