Нукусда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” га бағишланган халқаро анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди.

Ўзбекистан Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазма саройида фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Зарикеев ва бошқалар сўзга чиқиб,  йиғилганларни рассомларни анъанавий ижод байрамининг очилиши билан қутлади.

Фестивални ўтказишдан асосий мақсад миллий тасвирий ва амалий санъатнинг бой меросларини ҳамда замонавий тасвирий санъат ютуқларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш рассомларни қўллаб-қувватлаш, таниқли рассомларнинг асарларини томошабинларга етказиш, аҳолининг, айниқса ёшларнинг она юртимизга, тасвирий ва амалий санъатга қизиқишини орттириш бўлиб ҳисобланади.

Шу куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси факультети талабаларининг “Ёшлар парвози” кўргазмаси очилди. Унда профессор-ўқитувчилар, магистрлар ва талабаларнинг турли жанрлардаги асарлари, шунингдек, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари томонидан тайёрланган миллий либослар намойиш этилди.

Фестиваль доирасида Мўйноқ туманида пленер машғулотларини ташкил этиш, Нукус шаҳридаги 22-сонли,  Есжан бахши номидаги 1-сонли,  12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб интернати ўкувчиларининг кўргазмалари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари иштирокида учрашувлар ва маҳорат сабоқлари,  Қорақалпоғистон рассомларининг кўргазмаси ва бошқа қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА