Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида Мўғулистон раҳбари ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроғи кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди.

24 июнь куни бўлиб ўтадиган олий даражадаги асосий музокаралар давомида Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Президентларнинг икки мамлакат етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашуви ҳамда қатор бошқа икки томонлама тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ташриф дастурига кўра, Мўғулистон раҳбари Хива шаҳрига ҳам ташриф буюриб, халқимизнинг бой маданий-тарихий мероси билан танишади.

И.АВВАЛБОЕВ,

Н.ҲАЙДАРОВ (сурат, видео), ЎзА