Юртдошларимиз муҳим сиёсий жараён – референдум арафасида турибди. Бу тадбир шунчаки овоз бериш эмас, балки халқимиз ҳаётида янги саҳифа очиши кутилмоқда. Чунки янгиланган Конституцияда фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси бир неча марта оширилмоқда.

Бу ҳуқуқлар нималардан иборат? Буни ҳар бир юртдошимиз билиши, муҳими, тушунган ҳолда референдумда иштирок этиши керак.

Олий Мажлис Сенати аъзолари шу нуқтаи назардан юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар қилмоқда. Бундай тадбирларда нафақат янги меъёрлар тушунтирилмоқда, балки аҳоли турмуш даражаси ҳам ўрганилмоқда, одамлар билан самимий суҳбатлар ўтказилмоқда. Ўз навбатида, муаммолар учраганда уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Сенат Раиси Танзила Норбоева аввал Тошкент шаҳри, вилояти аҳолиси билан мулоқотлар олиб борган бўлса, эндиликда бундай тадбирларни вилоятларда давом эттирмоқда.

Фарғона вилоятида маҳаллий кенгаш депутатлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар фаоллари, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Янги таҳрирдаги Конституция нормаларига мувофиқ маҳаллага янги ваколат ва ишонч берилаётгани, аҳолининг ҳар бир қатлами билан унинг молиявий асосини яратиш устида иш олиб борилаётгани эътироф этилди.

Конституциянинг бошқа нормалари, хусусан, Сенат ва маҳаллий кенгашларнинг ҳамкорлигини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари устуворлиги, очиқлик сиёсати борасидаги янгиликлар юзасидан ҳам қизғин фикр алмашилди. Ўз навбатида, депутатлар янги таҳрирдаги ҳужжатга аҳолининг қизиқиши юқори эканлигини, ундаги нормалар, хусусан, инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати янада кучайтирилаётганини эътироф этди.

Мулоқот чоғида маҳаллий кенгаш депутатлари бир вақтлар эътиқод эркинлиги борасида тўсиқлар бўлгани, ҳозирда эса бу борада мутлақо янгича сиёсат юритилаётганига эътибор қаратди.

Ижобий ўзгаришлардан мамнун бўлган фуқаролар ўзи ва келажак авлодларнинг тақдирига бефарқ бўлмай, 30 апрелда ўтказиладиган референдумда фаол иштирок этиш ниятида эканлиги айтиб ўтилди.

Сенат Раиси Марғилон шаҳрида ташкил этилган замонавий касблар фабрикаси ҳисобланган Рақамли технологиялар марказида бўлди. IT-Паркнинг Фарғона вилоятидаги филиали ҳисобланган мазкур марказда замонавий касбларга ўқитиш, шу орқали ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлашга ҳисса қўшилмоқда.

Тақдимотлар билан танишув жараёнида Т.Норбоева 6-синф ўқувчиси Интизор Ботирова билан суҳбатлашди. Мулоқот чоғида қизалоқ замонавий касби ортидан АҚШ, Франция, Япония, Туркия каби давлатлардан буюртмалар олиб, даромад кўраётганини сўзлаб берди.

Марғилон шаҳридаги “Олтин ипак карвон-саройи” туристик марказ фаолияти билан танишиш вақтида уста ҳунармандларга Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар, уларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари ва тўланаётган иш ҳақлари юзасидан суҳбатлашилди.

Маълумки, янгиланаётган Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилмоқда.

Айни шу мақсадда Сенат Раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ қадимий шаҳарлардан бири бўлган Қўқон шаҳрида Қўқон эркин иқтисодий зонасининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

350 нафар кишини иш билан таъминлаган корхона фаолияти билан яқиндан танишди. Корхона раҳбари ва ходимлари билан ўтказилган суҳбатда сўнгги йилларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масаласи янги босқичга кўтарилгани, уларнинг ҳуқуқлари янгиланаётган Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилаётгани, референдум ҳар бир инсон тақдирида муҳим роль ўйнаши айтиб ўтилди.

Нуронийлар, ёшлар билан учрашувлар ҳам самимий ва қизғин кечди. Муҳими, ҳар бир юртдошимиз жамиятда кечаётган жараёнга бефарқ эмаслиги, уларда дахлдорлик туйғуси юқори экани аён бўлди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА