Бугун, 29 март куни Қозоғистон Мажилиси (қуйи палата) биринчи сессияси иш бошлайди. Республика Конституциясига кўра, ҳукумат янги сайланган Мажилисига қадар истеъфога чиқиши керак. Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги ҳукумат тасдиқланмагунча фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда “Казинформ” агентлиги хабар берди.
Сессиянинг очилишида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев сўзга чиқиши кутилмоқда. Аввалроқ давлат раҳбари парламент ва маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлар “ҳокимият институтларини янгилашнинг сўнгги босқичи” бўлиб, “кенг қамровли ислоҳотларни давом эттириш учун ишонч мандатини олишини” айтган эди.
Тоқаев сайловдан кейин “қатор янги ташаббусларни илгари суриши тўғрисида” гапирган эди.
Мажилис очилишидан кейин бўлиб ўтадиган биринчи ялпи мажлисда депутатлар қасамёд қилиши режаланган. Парламент аъзолари қуйи палата спикери ва унинг ўринбосарларини, шунингдек, қонун чиқарувчи ҳокимият доимий қўмиталарининг раисларини сайлашлари керак.
19 март куни 98 депутатдан иборат парламентга муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтган эди. Аралаш сайлов тизимида депутатларнинг учдан икки қисми (69 киши) партия рўйхати бўйича, учдан бир қисми (29 киши) бир мандатли сайлов округларидан сайланган.
ЎзА