Венгрия бир палатали парламенти – Давлат ассамблеяси душанба куни Финландиянинг НАТОга қабул қилинишини маъқуллади. Бу ҳақда мамлакат олий қонун чиқарувчи идораси матбуот хизмати маълум қилди.
Аксар депутатлар Финландиянинг Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиши учун овоз бергач, тегишли “қарор қабул қилинди”, дейилади хабарда.
182 депутат кўрилган масалани ёқлаб, 6 нафар ноиб қарши овоз берган. Венгрия парламентида жами 199 депутат бор. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама муносабатлар бўйича стат-котиби Тамаш Менцер мунозара чоғида “Финландия Қуролли кучлари НАТО тизимига қўшилишга тайёр, бу воқеа Альянснинг барча аъзолари хавфсизлиги мустаҳкамланишига ҳисса қўшади”, дея ишонтирди.
Фақат “Бизнинг Ватан” миллатчи партияси фракциясининг бир қисми қонунга қарши чиқди. Ушбу гуруҳ Россия билан чегарадош давлатнинг НАТОга қўшилиши “жаҳон уруши сари қўйилган яна бир қадам бўлиши”ни қайд этди. Венгрия парламенти “Фидес” ҳукмрон партияси ташаббуси билан Швециянинг НАТОга кириши бўйича муҳокама кечиктирилиши таклифини илгари сурди ва парламент шу ҳақда қарор қабул қилди.
Аввалроқ Виктор Орбан бошчилигидаги ҳукумат ва Венгрия Президенти Каталин Новак Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаган эдилар.
ЎзА