Қозоғистоннинг энг йирик партияси “Аманат” 19 март куни бўлиб ўтган Мажилис (парламент қуйи палатаси) сайловлари натижаларига кўра, партия рўйхатлари ва бир мандатли овоз беришда янги қонун чиқарувчи органдаги 98 ўриндан 62 тасини эгаллайди. Бу ҳақда Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Константин Петров маълум қилди.
Парламент қуйи палатасига муддатидан олдин аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди: депутатларнинг 70 фоизи (69 киши) партия рўйхати бўйича, 30 фоизи (29 нафар) бир мандатли сайлов округларидан сайланди.
Мажилисга сайловлар натижасида “Аманат” партияси 53,9 фоиз (партия рўйхати бўйича 40 ўрин), Қозоғистон халқ партияси 6,8 (беш ўрин), “Ак жол” – 8,41 фоиз (олти ўрин), Халқ демократик ватанпарвар партияси «Ауил» – 10,9 фоиз (саккиз ўрин), «Республика» партияси – 6,59 фоиз (олти ўрин) ва мухолифатдаги Миллий социал-демократик партия – 5,2 фоиз (тўртта ўрин) олишга муваффақ бўлди.
“Яшил”ларнинг «Байтак» партияси сайловчиларнинг 2,3 фоиз овозини олиб, парламентга кира олмади.
Сайловчиларнинг 3,9 фоизи сайлов бюллетенининг “барчага қарши” бандини танлашган.
Сайловчиларнинг 54,21 фоизи сайловларда қатнашган.
Қозоғистоннинг амалдаги қонунчилигига кўра, янги парламент шаклланиши муносабати билан республика ҳукумати истеъфога чиқиши керак.
ЎзА