Еттинчи чақириқ Туркманистон Мажлиси (парламенти) депутатлари сайловида фуқаролар овоз бериш жараёнида юқори фаоллик кўрсатишди. Бу ҳақда Сайлов ва референдумлар бўйича комиссия матбуот хизмати хабар берди. Маълумотга кўра, сайловчилар иштироки 91.12 фоизни ташкил этган.
Аҳолиси олти миллион икки юз минг бўлган мамлакатда уч миллион 496 минг 475 сайловчи рўйхатга олинган эди. Улар 2 602 участкада овоз беришди. Мамлакатнинг хориждаги ваколатхоналари ҳузурида 42 та сайлов участкаси ташкил этилди.
Комиссия раиси ўринбосари Амангелди Гандимов таъкидлаганидек, Туркманистон қонунчилигида иштирок бўйича чегара белгиланмаган. Яъни, неча киши қатнашишидан қатъи назар, сайлов ўтказилган, деб ҳисобланади.
2018 йилги парламент сайловида овоз бериш кўрсаткичи 91.75 фоизга тенг бўлган.
Мажлисдаги 125 депутат ўрни учун 258 номзод кураш олиб борди. Бу мамлакатда бир палатали парламент тизимига қайтилгандан кейинги биринчи сайлов.
Шу куни вилоятлар, пойтахт Ашхобод, шаҳар, туман ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам сайлов бўлиб ўтди.
ЎзА