Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳридаги Фахр хиёбонига ташриф буюриб, Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Маълумки, Ҳайдар Алиев атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси бўлган. Унинг қатъияти, кучли сиёсий иродаси ва беқиёс етакчилик қобилияти туфайли қардош давлат мураккаб синовларни муносиб енгиб ўтган.
Ҳайдар Алиев ўзбек халқининг яқин дўсти бўлган. Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган. Қардош мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий ришталар ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган.
Бунга ўзига хос эҳтиром сифатида сиёсатчининг хотираси юртимизда ҳам эъзозлаб келинмоқда. Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази фаолият юритмоқда. Ўтган йили Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида пойтахтимизда Ҳайдар Алиев номидаги кўча ва хиёбон очилган эди.
Буларнинг барчаси қардош халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин ифодасидир.
Давлатимиз раҳбари Ҳайдар Алиев ва унинг рафиқаси Зарифа Алиева қабрларига гул қўйди.