Болани чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган болани отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс чет давлат ҳудудида болани назоратсиз қолдирганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан эллик бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилиши мумкин.
Бу меъёрлар Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топган.
Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна худди шундай хатти-ҳаракат содир этганлик ёхуд чет давлат ҳудудида турган боланинг суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистонга қайтарилишини таъминламаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Жумладан, шундай қонун бузилишлари учун уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин.
Сенат Раиси мазкур қонун бўйича ўз фикрларини билдириб, жуда ҳам долзарб ва муҳим нормалар амалга киритилаётганига урғу берди.
– Халқимизга хос болажонлик, инсонпарварлик фазилатлари, шахснинг фарзанд, жамият олдидаги масъулияти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларимизда ўз ифодасини топмоқда, – деди Танзила Норбоева. – Фақат нормалар билан эмас, амалда бу соҳага жуда катта эътибор бериш керак. Қонунларда ҳаммаси белгилаб қўйилган. Шунинг учун тегишли қўмита ҳозир кўтарилган масала (яъни хорижий давлатларда таълим олаётган ёшлар сони) бўйича тегишли вазирлик билан бирга ишлаб, уларга амалий ёрдам кўрсатиб, жойлардаги депутатларни ҳам жалб қилган ҳолда масаланинг ҳаммасини ҳал қилиш керак. Фарзандларимизнинг таълим олиши, овқатланиши, умуман, барча шароитлари ўрганилиши, муаммоли масалалар ҳал этилиши даркор. Зеро, болалар – бизнинг асосий контингентимиз. Қаерда, ким билан бўлмасин, уларнинг қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқлари тўла таъминланиши шарт. Буни бажаришга ҳамма мажбур.
Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчи болалар сонининг оширилишига оид норма ҳам эътиборга молик. Ҳаммасига сифат нуқтаи назардан қараш керак. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бунга алоҳида масъулият билан қараши лозим. Қолаверса, ушбу йўналишда фаол жамоатчилик назорати таъминланиши ҳам яхши самара беради. Фақат назорат эмас, балки амалий ёрдам кўрсатиб, биргаликда ишлаш керак, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова, ЎзА