Либослар – ҳар бир халқ тарихи билан узвий боғлиқ бўлиб, у миллий ўзига хосликни акс эттиради. Либослар турли этник белгилари билан ҳам ажралиб туради.

Дунё тарихида кийим инсоният тараққиётининг энг қадим даврларида, яъни 40-25 минг йил илгари пайдо бўлган бўлиб, уларда халқнинг моддий аҳволи, кишиларнинг диди, гўзаллик ва нафосатга бўлган интилишлари яққол намоён бўлади.

Минтақамиздаги иқлим, шарт-шароит ва кўп йиллик тарихга эга эътиқодимиз асосида ўзига хос миллий либосларимиз шаклланиб келган. Миллий либосларимиз нафақат миллатимиз кўркини, балки маънавий мафкураларимизни ва дунё тамаддунида тутган ўрнимизни ҳам намоён этади.

Бугунги кунда мана шу узоқ тарихни босиб ўтган, аждодларимиз мафкураси ва дунёқараши ҳақида сўзлайдиган миллий либосларимизни сақлаб қолиш ва тарғиб этиш миллийлигимизни сақлаб қолиш демакдир.

Бу борада Юртбошимизнинг «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият», деган сўзларини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Шу маънода Яккасарой тумани Оила va хотин-қизлар бўлими Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Амалий санъат музейи ҳамкорлигида «Миллий либосларимиз – миллий қадриятларимиз безаги» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир давомида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори, техника фанлари доктори, профессор Холида Комилованинг либослар коллекцияси намойиши ва китоб тақдимоти ўтказилди.

ЎзА