Ҳуқуқий муносабат

Давлат олий таълим муассасаларига талабаликка тавсия этилмаган кўплаб ёшлар хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш мақсадида ҳужжат топшириб юрганликларини кўришимиз мумкин. Уларнинг аксарияти келгусида ўқишини Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кўчиришни мақсад қилган. Бу аслида ёшларимиз учун ўқишга қабул қилинишнинг осонроқ усули сифатида кўринмоқда.

Аслида ўқишни кўчириш билан боғлиқ жараёнлар қандай амалга оширилади? Бунда нималарга эътиборли бўлиш керак? Тошкент давлат юридик университети Қабул жараёнини ташкил этиш бўлими бош мутахассиси Қамариддин Мусаев ана шу саволларга жавоб берди.

– Президентимизнинг 2022 йил 15 июндаги «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан талабалар ўқишини давлат олий таълим муассасаларига кўчириш учун хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовларидан ўтади, – дейди Қ.Мусаев. – Бунда, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади. Тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади. Бу ҳақда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди.  Хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Қарор билан 2022/2023 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига ўқишни кўчириш бўйича Давлат тест марказининг электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтган талабаларга тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контракт асосида минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида ўқишини кўчириши мумкинлиги белгиланган.

2022/2023 ўқув йилида республика олий таълим муассасаларига хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш учун ўтказилган имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланди.

Хориждан ўқишни кўчириш хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади. Хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчирилишига рухсат этилмаслиги белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли низомига кўра, ўқишни кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилиши керак.

Давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади. Жумладан, талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.

Шунингдек, спорт мусобақалари ғолиби сифатида имтиёз билан олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ҳамда кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини уларнинг аризаларига мувофиқ, сиртқи таълим шаклидаги мос ва турдош таълим йўналишига (сиртқи таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда) давлат гранти асосида кўчиришга рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, ўқишни кўчириш бўйича қонунчиликда келтирилмаган бошқа ҳолатлар тегишли Давлат комиссияси қарори асосида амалга оширилиши белгиланган.

 ЎзА мухбири Гулноза Бобоева ёзиб олди.