“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида жорий йилги Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков 2023 йилги Давлат дастури лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва унда назарда тутилаётган чора-тадбирлар ҳамда улар ижросини таъминлашда ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, 2023 йилги Давлат дастурида ҳудудларда аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида ҳар ойда камида бир маротаба Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ҳукумат аъзолари иштирокида “Ҳукумат куни”ни ўтказиб бориш амалиётини йўлга қўйиш, вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган тизимли масалаларни аниқлаш ва уларга ечим топишнинг сифатини ошириш, аҳоли муаммолари ва мурожаатлар билан ишлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат органлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатишнинг замонавий шаклларини жорий этиш каби вазифаларни амалга оширишда ННТларнинг ўрни муҳим эканлиги айтилди.

Шундан сўнг, айни кунга қадар марказ томонидан ишга туширилган махсус 2023.strategy.uz ҳамда davlatdasturi.uz порталлари ҳамда марказнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали кенг жамоатчиликдан келиб тушган концептуал таклифлар соҳа ва тармоқлар кесимида экспертлар иштирокида таҳлил қилинди.

Жумладан, фуқароларга субсидия ажратиш бўйича маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан бериладиган тавсиянома бериш тизимини янада шаффофлаштириш, телеканаллар орқали намойиш этилаётган дорилар рекламасига чек қўйиш, ҳудудларнинг иқлим ва жойлашувидан келиб чиққан ҳолда шамол генераторларини ўрнатиш ҳамда бошланғич таълим ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлаш жараёнини ота-оналар ва фаоллар иштирокида назорат қилиб бориш каби таклифлар келиб тушмоқда.

Шунингдек, муҳокама жараёнида фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари паст бўлган шаҳар ва туманларни ривожлантиришда ННТлар иштирокига қаратилган танловларни эълон қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қисми, ногиронлар, хотин-қизлар, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигига кўмаклашиш, жойларда аҳолига турли ижтимоий-маиший, маънавий-маърифий хизматлар кўрсатиш каби соҳа ва йўналишларда аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, Фармон лойиҳасининг тегишли бандларида акс эттириш учун кўриб чиқилиши маълум қилинди.

 

ЎзА