Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йил 1 октябрга қадар тажриба тариқасида ҚҚС тўлаш бўйича солиқ узилиши аниқланганда солиқ назорати тадбирлари амалга оширилиши мумкин.

ҚҚС товар (хизмат)лар реализациясининг ҳар бир босқичида солиқ бюджетга тўланиши зарур. Шуни амалга ошириш мақсадида интизомсиз солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни ноқонуний қоплашнинг олдини олиш бўйича тажриба ўтказилади.

Бу Европа ва МДҲ давлатларида кенг қўлланиладиган бутунжаҳон амалиётдир. Ушбу мамлакатларнинг солиқ маъмурчилигида товар (хизмат)ларни етказиб бериш занжирида ҚҚС узилишлари аниқланганида, солиқни асоссиз қоплашда нафга эга бўлаётган бенефициарларни аниқлаш учун бундай етказиб бериш жараёнларида иштирок этган барча шахсларга нисбатан қатъий солиқ назорати тадбирлари ўтказилади.

Эътиборлиси, тажриба доирасида ўтказиладиган солиқ назорати чоралари оммавий характерга эга бўлмайди. Бироқ, сохта тадбиркор солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни бюджетга тўламаслик шарт-шароитларининг яратилиши товар (хизмат)ларни етказиб бериш занжирининг барча иштирокчиларини, ҳатто улар билан боғлиқ бўлмаган инсофли тадбиркорларни солиқ ҳуқуқбузарлиги содир этилиши мумкин бўлган хавф гуруҳига кириб қолишига олиб келмоқда.

Шу боис, солиқ органларининг вазифаси ҳақиқий бенефициарлар ҳамда уларга алоқадор шахсларни ва ноқонуний қопланган солиқларни аниқлашдан иборат.

Тажриба кенг жамоатчилик ва экспертлар ҳамжамиятини жалб қилган ҳолда ўтказилади ва унинг натижалари, жумладан, дастлабкилари ОАВда ёритилади.

 

ЎзА