Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У тинчлик ва сиҳат-саломатликдир. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчимиздир.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ўзбек халқининг бошқаларга  ўхшамайдиган минг йиллар давомида шаклланган, нафақат ўзаро муомала, балки ҳаётимизнинг узвий бир қисми сифатида намоён бўладиган қатор ўзига хос хусусиятлари, бағрикенглиги, меҳр-оқибат, меҳр–муҳаббат, меҳр-шафқат каби фазилатлар билан йўғрилган дин-диёнати, маънавияти юксак даражада экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ ва шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон ўзининг ҳалол меҳнати билан Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Президентимиз раҳбарлигида юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

2022 йил 20 декабр кунги Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам бу нарса ўз аксини топган.

Мурожаатномада бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаётганлиги, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкин эмаслиги, биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаслигимиз лозимлиги, бунинг учун нафақат масъул ташкилотлар, балки барчамиз биргаликда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканларида иш олиб боришимиз зарурлиги хусусида сўз юритилган.

Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур. Биз жонажон Ватанимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга ҳар томонлама қодирмиз. Тинч ва осойишта ҳаётимизни асраб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, барқарор тараққиёт йўлимизни жадал давом эттирамиз,-деди Президентимиз ўз Мурожаатномасида.

Дарҳақиқат, меҳр-оқибатли, саховатли халқимизга, тинч-осойишта юртимизга шукроналик қилиш, янги бунёдкорлик ишларида бирдам бўлиш, бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.


Рахима Юлдашева, 

O’zLiDePдан Халқ депутатлари

Беруний тумани Кенгаши депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги